Алиментдан қарздорлар молия-кредит хизматларидан фойдалана олмайди
2026 йил 1 майдан Ўзбекистонда алимент қарздорларига нисбатан янги чекловлар кучга киради ва улар айрим молия-кредит хизматларидан фойдалана олмайди.

Ўзбекистонда алимент тўловларини ундириш самарадорлигини оширишга қаратилган янги чоралар жорий этилмоқда. Президент фармонига мувофиқ, алимент бўйича қарздорлиги мавжуд шахсларга нисбатан қатор чекловлар қўлланилади.
Ўрнатилган чекловлар
Янги тартибга кўра, қарздорлар қарздорликни тўлиқ бартараф этмагунча йирик молиявий битимларни амалга ошира олмайди. Шу билан бирга, улар учун айрим молия-кредит ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти ҳам вақтинча чекланади. Бу чоралар алимент тўлов интизомини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур тартибни амалга ошириш юзасидан Бош прокуратура икки ой муддатда тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади. Унда чеклов қўлланиладиган хизматлар ва битимлар рўйхати янада аниқлаштирилади.
Ижро учун қўшимча штат ажратилади
Шунингдек, ижро тизимини кучайтириш мақсадида Мажбурий ижро бюросига қўшимча 400 та ихтисослаштирилган давлат ижрочиси штат бирлиги ажратилади. Уларни молиялаштириш тижорат банклари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Қўшимча равишда, муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳаракатлари айнан ихтисослаштирилган давлат ижрочиларига юклатилиши белгиланди. Тўловларни тақсимлаш тартиби эса МИБ ва Марказий банк томонидан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда алимент билан боғлиқ 70 мингта мурожаат келиб тушган. Бироқ тўловчиларнинг расмий даромади йўқлиги сабабли мурожаатларнинг қарийб 30 фоизи ҳал этилмасдан қолмоқда.





