Радарлар ҳам жарима баллари ёзмоқда, ҳайдовчи ЙПХ ходимига мушт туширди, Ўзбекистон беш ойдан буён олтин сотмади. Трамп Эронни «тош даври»га қайтармоқчи — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда ва дунёда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.
Ўзбекистон кетма-кет бешинчи ой олтин сотмади
Ҳафта давомида Ўзбекистон ташқи савдосига оид эълон қилинган маълумотлар орасида олтин экспортининг тўхтаб қолгани алоҳида эътиборни тортди. Рекорд даражадаги нархларга қарамасдан, мамлакат кетма-кет беш ой олтин сотмагани иқтисодий муҳокамаларни кучайтирди.
2026-йил январ–февраль ойларида ташқи савдо айланмаси 11,6 млрд долларни ташкил қилди. Экспорт 23,4 фоизга қисқариб, 3,5 млрд долларга тушган бўлса, импорт 29,8 фоизга ўсиб, 8,1 млрд долларга етди. Натижада, дастлабки икки ойнинг ўзида 4,5 млрд долларлик салбий савдо баланси шаклланди.
Асосий савдо ҳамкори сифатида Хитой етакчилик қилмоқда, кейинги ўринларда Россия ва Қозоғистон. Шу билан бирга, Туркия ва Германия билан савдода пасайиш кузатилган.
Агар йил давомида нархлар шу кўринишда сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон олтин савдоси учун қулай вазиятни ўтказиб юборган бўлади.
Маст ҳайдовчи ЙПХ ходимига мушт туширди
Ижтимоий тармоқларда ҳафта ичида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа — «Малибу»ни маст ҳолда бошқарган эркакнинг ЙПХ ходимига мушт туширгани бўлди.
30 март куни тунда Яшнобод туманида «Малибу» ва «Липмотор» автомашиналари иштирокида тўқнашув юз берган. «Липмотор» ҳайдовчиси тортишув сабаб 102 рақамига мурожаат қилиб, давлат рақамисиз «Малибу» ҳайдовчиси унга нисбатан қўполлик қилаётганини билдирган.
Воқеа жойига етиб келган йўл-патрул хизмати ходимлари ҳолатни расмийлаштириш чоғида «Малибу» ҳайдовчисига алкотестер орқали текширувдан ўтишни таклиф қилган. Бироқ у қонуний талабга бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган.
ЙПХ ходимининг айтишича, ҳайдовчи аввал уни ҳақорат қилган ва ички ишлар бўлимига бориш айтилганда мушт туширган. Боз устига у акаси подполковник эканини айтиб, ички ишлар ходимларига дағдаға қилган.
Қўлга олинган ҳайдовчи ўз хатосини тан олиб, пушаймонлигини билдирган ва ходимлардан узр сўраган.
Тошкент шаҳрида ЙПХ ходимига куч ишлатган ҳайдовчи Бобур Пардаевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди. Унинг ишига аралашиб, хизмат ваколатини суиистеъмол қилган акаси — Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходими, подполковник Шерзод Пардаев лавозимидан озод этилди.
Камера ва радарлар жарима баллари ёзади
Йўллардаги камера ва радарлар орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланиши ҳафтанинг муҳим янгиликларидан бирига айланди.
Илгари жарима баллари фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган қоидабузарликлар учун ҳисобланар эди.
Жарима балларининг миқдори қоида турига қараб белгиланади — масалан, тезликни ошириш, қизил чироқдан ўтиш, ёки қарама-қарши йўналишга чиқиш каби ҳолатларда кўпроқ балл ҳисобланади.
Жарима баллари «E-jarimaball» тизими орқали автоматик юритилади ва ҳисоб биринчи қоидабузарликдан бошлаб, бир йил давом этади. Агар шу муддат ичида ҳайдовчи жами 12 балл тўпланса, иш автоматик равишда судга юборилади.
Бундай ҳолатда ҳайдовчи 6 ойдан 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Тошкентда автобус пиёдаларни босиб кетишига сал қолди
Ҳафта давомида йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ яна бир жиддий ҳолат юз берди: Сергели туманида автобус ҳайдовчиси пиёдаларга йўл бермай, улар ҳаётини хавф остига қўйди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди ва масъуллар қатъий чора кўришга мажбур бўлди.
30 март куни 12-автобус саройи филиали тасарруфида бўлган автобус ҳайдовчиси С.А. автобусни Сергели тумани “Янги Сергели” кўчаси бўйлаб бошқариб кетаёганида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдаларга йўл бермаган.
Содир этилган ҳолат масъуллар иштирокида танқидий муҳокама қилинган. Келгусида шу каби кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш ва бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида ҳайдовчи А.С. билан корхона ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Жавоҳир Синдоров Фабиано Каруанани мағлуб этди
Шахмат мухлислари учун ҳафта янгилиги: Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирида АҚШ вакили Фабиано Каруанани мағлуб этиб, 4 турдан кейин якка пешқадамликни қўлга киритди ва жаҳон тожи учун даъвогар бўлди.
Кипрнинг Пафос шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича Номзодлар турнирининг 4-турида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров навбатдаги ғалабасини қўлга киритди. У ушбу турда дунё рейтингида юқори ўринларда турувчи АҚШ вакили Фабиано Каруанага қарши дона сурди.
Жавоҳир Синдоров шахмат тарихида жаҳон тожи учун даъвогарлик қилиш имконини берувчи ушбу нуфузли турнирда иштирок этаётган илк ўзбекистонлик шахматчи ҳисобланади.
Айни пайтда жаҳон гроссмейстрлари рўйхатида Нодирбек Абдусатторов 4-ўринда, Жавоҳир Синдоров эса 5-ўринда бормоқда. 1-ўринда норвегиялик Магнус Карлсен.
«Сити»даги ойнинг энг яхши футболчиси
Ҳусанов «Манчестер Сити»да март ойининг энг яхши футболчиси деб топилди.
Ўзбекистонлик ҳимоячи овоз бериш жараёнида Родри ва Жереми Докуни ортда қолдириб, «шаҳарликлар» сафидаги учинчи шахсий совринини қўлга киритди.
Абдуқодир Ҳусанов март ойи давомида «шаҳарликлар» сафида учта мусобақа доирасида жами 6 та учрашувда майдонга тушди. Ойнинг энг муҳим воқеаси 22-март куни «Уембли» стадионида юз берди: Англия Лига кубоги финалида «Манчестер Сити» «Арсенал»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ғалаба Ҳусанов учун Манчестер клубидаги илк соврин бўлди.
Бу ўзбекистонлик ҳимоячи учун «Манчестер Сити»даги фаолияти давомида учинчи бор «Ойнинг энг яхши футболчиси» деб топилишидир. У бундан аввал 2025-йил январ ва 2026-йил феврал ойларида ҳам ғолиб деб топилган эди.
Тошкент вилоятида 4 нафар эгизак туғилди
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ходими оиласида 4 нафар эгизак фарзанд дунёга келди.
Маълумотга кўра, Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими, 29 ёшли сафдор Одилжон Абдуллаев жорий йилнинг 29 март куни 4 нафар (2 нафари ўғил, 2 нафари қиз) эгизак фарзандли бўлган.
Она ва чақалоқларнинг умумий аҳволи яхши бўлиб, улар малакали мутахассислар назорати остида.
Оилада бунгача 1 нафар фарзанд бўлган. Энди улар бирйўла 5 фарзандни вояга етказишади.
Трамп Эронни «тош даври»га қайтармоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп Эронни 2–3 ҳафта ичида «тош даври»га қайтариш билан таҳдид қилди. У халққа мурожаатида ҳарбий амалиёт якунланишига оз қолганини эълон қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, агар Теҳрон келишувга рози бўлмаса, АҚШ барча электр станцияларига бир вақтда зарба бериши мумкин. Ҳарбий ҳаракатлар бошланганига 32 кун бўлса-да, президент Эроннинг қўшинлари ва раҳбарлари «йўқ қилинганини» таъкидлади.
АҚШ Эронга урушни тугатиш бўйича 15 банддан иборат режа таклиф этди. Унда Ҳўрмуз бўғозини очиш, ракета дастурини чеклаш, ядровий объектларни демонтаж қилиш ва бойитилган уранни топшириш талаблари бор. Вашингтон эвазига санкцияларни бекор қилиш ва фуқаролик ядро энергетикасига ёрдам беришни ваъда қилмоқда. Трампнинг айтишича, Теҳрон баъзи бандларга рози бўлган, аммо расман музокараларни рад қилмоқда.
Трамп дунёнинг 20% нефти ва 30% гази ҳаракати боғлиқ Ҳўрмуз бўғозини очиш муҳимлигини таъкидлади. АҚШ музокаралар учун 6 апрелгача имкон берган, акс ҳолда «тош даври» сценарийи ишга тушиши мумкин.
Бу таҳдидларга жавобон Эрон ҳам Форс кўрфази соҳилларидаги араб давлатларига ҳужум қилиши билан жавоб беришини эълон қилди. Нишонга олинувчи Кувайт, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайндаги стратегик кўприклар рўйхати ҳам эълон қилинди.
Рамзан Қодиров асосий вориссни ўзгартирди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров энди ўзининг 18 ёшли ўғли Адамни асосий ворис сифатида кўрмаётгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, энди асосий ворис сифатида Қодировнинг тўнғич ўғли — Аҳмат Қодиров номзоди кўрилмоқда. У сўнгги пайтларда отасининг ёнида тез-тез кўриниш бермоқда ва муҳим учрашувларда ҳам унга ҳамроҳлик қилмоқда.
Манбаларга кўра, Адамнинг мақоми яқинда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ортидан пасайган. Ҳодиса вақтида Қодиров ўғли учун жиддий хавотирга тушгани, ҳатто Москвадаги юқори лавозимли шахслардан ёрдам сўрашга мажбур бўлгани айтилмоқда. Кейинчалик Адамнинг соғ-омон экани маълум бўлгач, Қодиров бундан қаттиқ жаҳли чиққани таъкидланмоқда.
Teglar






