Хитойда AI асосида янги бизнес модели
Хитойда сунъий интеллект орқали бир кишилик компаниялар тез ривожланмоқда ва бизнес моделини ўзгартирмоқда.

Хитойда янги тадбиркорлик формати — «бир кишилик компаниялар» (one-person companies) жадал ривожланмоқда. Бу ҳақда Business Insider нашри хабар берди. Ушбу модел сунъий интеллект воситалари орқали бизнесни жамоасиз бошқариш имконини беради.
Компаниядаги битта ҳодимнинг вазифаси
Маълум қилинишича, бундай компаниялар бизнесни йўлга қўйиш ва уни кенгайтиришда AI агентлар ҳамда «vibe-coding» каби технологиялардан фойдаланади. Натижада тадбиркорлар ходим ёлламасдан туриб ҳам барча асосий жараёнларни амалга ошира олади.
Alibaba президенти Куо Чжаннинг таъкидлашича, айнан AI агентлар ушбу моделни амалда ишлайдиган даражага олиб чиққан. Аввал маҳсулот жойлаш, маркетинг юритиш ва мижозлар билан ишлаш каби вазифалар катта жамоани талаб қилган бўлса, эндиликда улар автоматлаштирилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, AI агентлар инсонларни алмаштирмайди, балки якка тадбиркор учун виртуал жамоа вазифасини бажаради. Бу эса бир кишига тўлиқ бизнесни самарали бошқариш имконини беради.
Ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланмоқда
Шу билан бирга, Хитойнинг айрим шаҳарларида ушбу формат давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Стартаплар учун бепул уй-жой, ижарасиз офислар ва 720 минг долларгача субсидиялар ажратилиши белгиланган.
Alibaba ҳам бу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. Компания кичик бизнеслар учун «Accio Work» номли платформа ишга туширган бўлиб, у солиқ, логистика, маркетинг ва мижозлар билан ишлаш жараёнларини автоматлаштиради.
Компания маълумотларига кўра, мазкур платформадаги асосий AI агент 2024 йил охирида ишга туширилган ва ҳозирда ойига 10 миллионга яқин фойдаланувчига эга.





