Бозорларда гўшт нега қимматлашмоқда?

Bugun 18:452 daqiqa

Март ойида гўшт нархлари сезиларли қимматлади. Vaqt.uz бозордаги реал нархлар ва гўшт маҳсулотлари қимматлаши ортидаги омилларни ўрганди.

Бозорларда гўшт нега қимматлашмоқда?

Ўзбекистон бозорларида гўшт нархлари ошгани кузатилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, март ойида мол гўшти нархи 10 фоизгача, қўй гўшти эса 2,4 фоизга ошган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, Тошкентдаги “Эски жўва” бозорида мол гўшти 75–110 минг сўм, қўй гўшти эса 86–110 минг сўм атрофида баҳоланган.

Бироқ амалдаги бозор нархлари анча юқори. “Арзонлаштирилган расталар”да нархлар расмий кўрсаткичларга мос келса-да, гўшт савдоси олиб бориладиган асосий жойларда нархлар 160 минг сўмгача, айрим ҳолатларда эса 200 минг сўмгача етмоқда.

Онлайн савдо платформаларида ҳам нархлар турлича. Масалан, “Yandex Lavka” орқали мол гўшти 173 минг сўмдан таклиф этилмоқда. “Korzinka” тармоғида эса мол гўшти 79 990 сўмдан бошланиб, 259 990 сўмгача етади, қўй гўшти эса 169 990 сўмгача баҳоланган.

Мутахассислар фикрича, нархлар ошишига бир нечта омил таъсир қилмоқда. Аввало, бу геосиёсий вазият ва логистика муаммолари билан боғлиқ. Россиянинг Новосибирск области, Олтой ўлкаси ва Шимолий Кавказ ҳудудларида қорамоллар орасида қутуриш ва пастереллёз тарқалган. Бу эса касалланган чорваларни оммавий йўқ қилиш ва карантин чораларини жорий этишга олиб келган.

Шу билан бирга, Қозоғистон 19 мартдан бошлаб зарарланган ҳудудлардан чорва, гўшт маҳсулотлари ва қайта ишланмаган озуқа импорти ҳамда транзитини вақтинча тўхтатди. Натижада асосий логистика йўналишлари чекланиб, Марказий Осиёда таъминот қисқарди.

Бундан ташқари, март ойида гўшт импорти ўсиши ҳам секинлашди. Россия ва Беларусьдан етказиб беришда узилишлар кузатилди. Шунингдек, Кобул ва расмий Исломобод ўртасидаги зиддиятлар туфайли Покистон орқали Афғонистон йўналишида ҳам таъминотда муаммолар юзага келиши мумкин.

Нархлар ошиши аҳолининг харид қобилиятига ҳам таъсир қилди. Илгари 5–6 килограмм гўшт харид қилган истеъмолчилар энди имкониятига қараб камроқ харид қилмоқда. Сотувчилар ҳам талаб қисқараётганини таъкидламоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ташқи бозорлардаги узилишлар, логистика йўлларининг ёпилиши, чорва касалликлари ва импортдаги секинлашув ички бозорда таклифни қисқартирди. Бу эса нархларнинг ошишига олиб келди. Яқин ойларда нархлар барқарорлашадими ёки босим давом этадими — бу ҳозирча очиқ савол бўлиб қолмоқда.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 94

Barchasi

Mavzuga oid