«Toshkent City»да қуриладиган $25 млрдлик молия маркази, интернетсиз мобил тарифлар ва тўловга қобилиятсиз корхоналарни «тирилтириш» агентлиги — 3-апрел дайжести

Kecha 23:253 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Toshkent City»да қуриладиган $25 млрдлик молия маркази, интернетсиз мобил тарифлар ва тўловга қобилиятсиз корхоналарни «тирилтириш» агентлиги — 3-апрел дайжести

Мобил операторларга интернетсиз тариф таклиф қилиш мажбурий бўлиши мумкин

Ўзбекистонда мобил операторларга интернетсиз тарифларни жорий этиш мажбурий бўлиши мумкин. Адлия вазирлиги таклиф қилган қарор лойиҳасига кўра, операторлар қўнғироқ ва SMSдан иборат алоҳида тарифларни ҳам тақдим этиши керак бўлади. Шунингдек, тарифларни номлашда абонент тўлови ёки хизмат ҳажмига боғлаш тақиқланиши таклиф этилган. Лойиҳа 2026 йил 31 мартдан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ташаббус интернетдан фойдаланмайдиган фуқаролар учун арзон вариантлар яратишга қаратилган. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса операторлар интернет трафикни сунъий ошириш орқали тарифларни қимматлаштираётганини танқид қилди. Унинг фикрича, ушбу амалиёт бозорда одатий ҳолга айланган ва истеъмолчилар манфаатлари етарлича ҳимоя қилинмаяпти, шунинг учун жамоатчилик ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаши муҳим.

Кўп қаватли уйлар яшил ҳудудини бетонлаштирганлар жаримага тортилади

Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар атрофидаги яшил ва тупроқли ҳудудларни ноқонуний бетонлаштирганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Президент томонидан имзоланган қонунга мувофиқ, бундай ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган чоралар кучайтирилди.

Янги тартибга кўра, фуқароларга БҲМнинг 50 бараваригача (20,6 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 100 бараваригача (41,2 млн сўм) жарима қўлланади. Шу билан бирга, қоидабузар ўзбошимчалик билан қурилган объектларни ихтиёрий равишда бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Тошкент халқаро молия маркази «Toshkent City» ҳудудида жойлашади

Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия маркази «Toshkent City» ҳудудида жойлаштирилиши режалаштирилмоқда. Президент фармонига кўра, марказ «Aloqabank», «Asakabank», «SQB» ва «Bomi Finance Center» бинолари негизида ташкил этилиб, янги бинолар қуриш ўрнига мавжуд инфратузилмадан фойдаланиш кўзда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030-йилгача ушбу марказ орқали иқтисодиётга 20–25 млрд доллар инвестиция жалб қилиниши мумкин.

Марказ фаолияти инвестицияларни жалб қилиш, капитал бозорини ривожлантириш, молиявий хизматларни кенгайтириш ва инновацион экотизимни шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, иштирокчилар учун кенг имтиёзлар жорий этилиб, хорижий мутахассислар учун енгил шартлар, валюта ва криптоактивларда ҳисоб-китоб қилиш имконияти ҳамда 2076-йилгача бир қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилиши белгиланган.

Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этилади

Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тизимини такомиллаштириш доирасида махсус агентлик ташкил этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, Адлия вазирлиги ҳузурида янги агентлик тузилиб, у соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва корхоналарни молиявий соғломлаштириш билан шуғулланади. Шунингдек, Суд бошқарувчилари палатасини ташкил этиш, мутахассислар малакасини ошириш ва касбий стандартларни жорий қилиш ҳам кўзда тутилган.

Таҳлилларга кўра, амалдаги тизим корхоналарни сақлаб қолишдан кўра тугатишга кўпроқ йўналтирилган: 93 минг муаммоли тадбиркордан фақат 10 мингтаси бўйича иш қўзғатилган, сўнгги беш йилда эса 68 та корхонада санация ўтказилиб, атиги 7 таси тикланган. Янги механизмлар доирасида кредитларни кечиктириш, қарзларни реструктуризация қилиш, солиқ имтиёзлари бериш ва рақамли платформа орқали жараёнларни онлайн бошқариш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда нархларни сунъий оширган дорихоналар лицензиядан маҳрум этилди

Ўзбекистонда дори воситалари нархини асоссиз оширган дорихоналарга нисбатан чоралар кучайтирилиб, бир қатор компаниялар лицензиядан маҳрум этилди.

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил бошидан «Fair Tech» тизими орқали 414 мингдан ортиқ ҳолатда нарх ошириш аниқланган, жорий йил январ–март ойларида эса 146 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Қоидабузарликлар 991 та дорихонада қайд этилган.

Текширувлар натижасида истеъмолчилар фойдасига 8,5 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шунингдек, лицензия талаблари бузилгани учун сўнгги 15 ойда 6 та компания дорихона фаолияти учун берилган лицензиясидан маҳрум этилди ва тегишли материаллар ваколатли органларга юборилди.

Teglar

Mavzuga oid

«Toshkent City»да қуриладиган $25 млрдлик молия маркази, интернетсиз мобил тарифлар ва тўловга қобилиятсиз корхоналарни «тирилтириш» агентлиги — 3-апрел дайжести | Vaqt.uz