Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этилади

Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тизимини ислоҳ қилиш доирасида янги агентлик ташкил этиш ва бизнесни сақлаб қолишга қаратилган чоралар белгиланди.

Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этилади

Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик институтини тубдан такомиллаштириш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилди. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳага кўра, соҳада давлат бошқарувини кучайтириш мақсадида махсус агентлик ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатда хусусий сектор улуши сезиларли даражада ошган. Бугунги кунда 300 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар ва 5,5 миллиондан зиёд ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолият юритмоқда. Хусусий бизнеснинг иқтисодиётдаги улуши эса 45 фоиздан 58 фоизгача ўсган.

 

Тизимдаги муаммолар очиқланди

Шу билан бирга, фаолият юритмаётган корхоналар сони ортиб бораётгани қайд этилди. Амалдаги тизим кўпроқ корхонани тугатишга йўналтирилган бўлиб, уни сақлаб қолиш ва тиклаш механизмлари етарли даражада ишламаяпти.

Масалан, молиявий қийинчиликка дуч келган 93 мингта тадбиркордан атиги 10 мингтаси бўйича тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган. Сўнгги беш йилда эса атиги 68 та корхонада санация жараёни ўтказилган ва уларнинг фақат 7 таси тикланган.

 

Янги агентлик ва палата

Таклифларга кўра, Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этилади. У соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва корхоналарни молиявий соғломлаштириш билан шуғулланади.

Шунингдек, Суд бошқарувчилари палатасини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу тузилма мутахассисларнинг малакасини ошириш, улар фаолиятини назорат қилиш ва касбий стандартларни таъминлашга хизмат қилади.

 

Бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмлари

Янги ёндашувлар доирасида молиявий аҳволи оғир корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун махсус механизмлар жорий этилади. Жумладан, кредитлар бўйича тўловларни санация даврида кечиктириш ва қарзларни реструктуризация қилиш имконияти берилади.

Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнес учун кафиллик бериш, паст фоизли кредит линиялари очиш орқали корхоналарни қайта тиклашга кўмаклашиш режалаштирилган.

 

Солиқ ва санация имкониятлари

Солиқ ва кредит қарздорлигини кечиктириб тўлаш тартиблари соддалаштирилади. Маҳаллий кенгашлар айрим солиқлар бўйича имтиёзлар бериш ваколатига эга бўлади.

Давлат кўмагидаги судгача санация чоралари ҳам кенгайтирилиб, корхоналарни қайта ташкил этиш, ишлаб чиқаришни қайта йўналтириш ва мутахассислар жалб қилиш имкониятлари яратилади.

 

Рақамли платформа ишга туширилади

Тўловга қобилиятсизлик жараёнларини рақамлаштириш мақсадида ягона электрон платформа яратилади. Унда барча жараёнлар — ариза беришдан тортиб корхонани тугатишгача — онлайн шаклда амалга оширилади.

Платформа орқали очиқ реестрлар юритилиб, жамоатчилик ва ОАВ учун маълумотлар очиқ бўлади. Бу эса шаффофликни ошириш ва назоратни кучайтиришга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid