Ҳарри Поттер сериалининг янги актёрлари ва уларнинг маоши
11 ёшли актёрлар миллионерга айланиши мумкин! Янги Ҳарри Поттер сериали ҳақида барча фактлар.

«HBO»нинг янги телесериалида Ҳарри Поттер, Ҳермиона Грейнжер ва Рон Уизли ролларини ижро этаётган актёр болалар биринчи мавсум учун 500 минг фунт стерлинг (660 минг доллар) олади. Бу ҳақда «The Sun» хабар берди.
Янги актёрлар
Доминик Маклафлин, Арабелла Стэнтон ва Алистер Стаут ўтган йили янги Ҳарри, Ҳермиона ва Рон сифатида эълон қилинган эди, 2026-йил март ойида эса уларни кутилаётган сериал трейлерида илк бор кўриш мумкин бўлди.
Дэниэл Рэдклифф, Эмма Уотсон ва Руперт Гринт каби, бу актёр болалар ҳам деярли номаълум ҳолатдан чиқиб, сўнгги 30 йилда дунёдаги энг севимли ҳикоялардан бири – Ҳарри Поттер оламига қўшилди.
Бир телевизион инсайдернинг айтишича, учликка «Ҳарри Поттер ва фалсафа тоши» деб номланган биринчи мавсум учун ҳар бирига 500 минг фунт стерлингдан тўланади. У шундай деган:
«Агар улар шу тарзда давом этса, 18 ёшга етмасданоқ мултимиллионерга айланади», – деган у «The Sun» нашрига.
Ҳар бир эпизодга 60 минг фунт стерлинг
Болалар «Warner Bros.» томонидан ишлаб чиқарилаётган етти мавсумли лойиҳа учун кастингда қатнашган 32 мингдан ортиқ болани ортда қолдирди. Ёш юлдузлар ўтган ҳафта икки дақиқалик трейлерда илк бор намоён бўлди, бу Ҳарри Поттер кинофраншизаси глобал ҳодисага айланганидан 25 йил ўтгач содир бўлди.
Уларга биринчи мавсум (8 қисмдан иборат) учун ҳар бир эпизодга 60 минг фунт стерлингдан ортиқ ҳақ тўланмоқда.
Нашр манбасининг қўшимча қилишича, бу ёш болалар учун жуда катта пул, айниқса бир зумда берилса. Лекин улар дунёдаги энг машҳур болалардан уч нафарига айланиш арафасида.
Жоан Роулингнинг барча етти фантастик китоби ўн йил давомида яна қайта экранизация қилинади, муаллиф эса ижрочи продюсер сифатида иштирок этади.
Биринчи мавсум – «Ҳарри Поттер ва фалсафа тоши» – «HBO Max» платформасида Рождество куни намойиш этилади.
Қисқа тизер атрофида фикрлар турлича бўлди: баъзилар уни аввалги филмга «жуда ўхшаш» деб баҳолади.
Бироқ трейлерда Ҳарри илк бор «магллар», яъни сеҳр қобилияти йўқ инсонлар мактабида кўринади, сўнгра у машҳур Ҳогвартсга йўл олади.
Шотландиялик актёр Доминик Маклафлин кастга 11 ёшида қўшилди, бу Дэниэл Рэдклифф биринчи филмдаги ёши билан бир хил.
Актёр болаларнинг маоши қонун билан ҳимоя қилинмайди
Бу ҳолат тезда миллионерга айланишдек туюлиши мумкин, аммо айниқса актёр болалар учун вазият бироз бошқача. АҚШда эса қонунга кўра, актёрнинг даромадининг бир қисми мажбурий ҳимоя қилинади.
Бу Куган қонуни орқали таъминланади. Унга кўра, кўнгилочар индустриядаги вояга етмаган шахснинг маошининг 15 фоизи махсус блокланган траст ҳисоб рақамига – «Куган ҳисоби»га ўтказилиши шарт. Бу эса маблағлар 18 ёшга тўлгунча сақланишини кафолатлайди.
Ушбу қонун 1939-йилда Калифорния штатида қабул қилинган бўлиб, юлдуз бола :еки Куганнинг даъвосидан сўнг жорий этилган. Унинг онаси ва ўгай отаси унинг 4 миллион долларлик бойлигини (бугунги кунда тахминан 70–80 миллион долларга тенг) сарфлаб юборган эди.



