add

1 февралдан хавфли қурилиш материаллари мажбурий утилизация қилинади

24.01.2026 | 15:252 daqiqa

2026 йилдан қурилиш соҳасида хавфли материаллар, чиқиндилар ва экологик стандартлар бўйича янги қатъий талаблар жорий этилади.

1 февралдан хавфли қурилиш материаллари мажбурий утилизация қилинади

2026 йил 1 февралдан эътиборан хавфли деб топилган қурилиш материалларини мажбурий равишда қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизими жорий этилади. Бу ҳақда «Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-365-сон, 01.12.2025-й.)да келтириб ўтилган.

Янгиланган тартибга кўра, буюртмачилар ва ишлаб чиқарувчилар бундай материалларни фақат ихтисослашган корхоналарга ёки чиқинди полигонларига шартнома асосида топшириши шарт бўлади. Бу орқали қурилиш жараёнида атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсад қилинган.

Экологик назорат

2026 йил 1 июндан қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқишда чиқиндилар ҳажмини олдиндан ҳисобга олиш, уларни тўплаш ва жойлаштириш нуқталарини белгилаш мажбурий этилади. Шунингдек, чанг ва ёқимсиз ҳидларни бартараф этиш чоралари лойиҳа ҳужжатларида акс эттирилиши талаб қилинади.

Рақамли назорат

1 мартдан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қурилиш материалларини ишлаб чиқараётган ва етказиб бераётган корхоналар бўйича ягона электрон реестр шакллантирилади.

«Техник тартибга солиш» ва «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинади. Қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотлар онлайн шакллантирилиб, реестрга киритилган корхоналар давлат харидларида иштирок эта олмайди. Бу чора бозорда шаффофликни оширишга қаратилган.

Экологик стандартлар

Экологик тоза, ресурстежамкор ва энергосамарадор қурилиш материалларини қўллаш устувор йўналиш сифатида белгиланган. 2026 йил 1 июлдан шаҳарсозлик экспертизаси ваколатига эга ташкилотлар лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқишда қўлланиладиган материалларнинг камида 25 фоизи шу тоифага киришини текширади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Уюшма билан биргаликда экологик материалларни аниқлаш услубиётини ишлаб чиқади ва 2026 йил 1 майга қадар тавсия этиладиган материаллар рўйхатини тасдиқлайди. Давлат буюртмалари доирасида маҳаллий қурилиш материаллари улуши камида 80 фоиз бўлиши шарт.

Энергетика вазирлиги ва бошқа идоралар юқори қўшилган қийматли материаллар ишлаб чиқарувчиларни газ билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўради. Маҳаллий маҳсулотларни реклама қилиш харажатларининг 50–100 фоизи эса Савдога кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Teglar

Mavzuga oid