
15 млн кишининг маълумотлари Darknet’га сотилдими? Депутат вазирлардан изоҳ сўради
«Адолат» партияси 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари «Darknet»даги сайтларда тарқалгани ортидан Рақамли технологиялар вазири, Ички ишлар вазири ҳамда Миллий статистика қўмитаси раисига сўров юборди.

«Адолат» партияси Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари «Darknet» ва бошқа очиқ ресурсларга сизиб чиққани ортидан Рақамли технологиялар вазири, Ички ишлар вазири ва Миллий статистика қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур вазиятнинг жиддийлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий, молиявий хавфсизлигига таҳдид солаётганини инобатга олиб, партия депутати Муҳаммаджон Валиев уч йўналиш бўйича масъул раҳбарларга депутатлик сўрови юборган.
Сўров талаблари
Хусусан, Рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовдан ҳолат тасдиқланган ёки тасдиқланмагани, шахсий маълумотлар қай даражада ҳимоялангани, вазиятга сабаб бўлган омиллар, ҳукуматнинг аутентификация инфратузилмаси («OAuth» сервери) ва «my.gov.uz» порталида келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмасилиги учун қандай техник ва ташкилий чоралар кўрилаётгани юзасидан маълумот сўралган.
Ички ишлар вазири А.Тошпўлатовдан ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда қандай тезкор қидирув ишлари амалга оширилаётгани, киберҳужумни содир этган шахсларни аниқлаш ва шахсий маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ жиноятлар профилактикасини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бу йўналишда қонунчиликни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича вазирлик таклифлари юзасидан маълумот талаб қилинган.
Миллий статистика қўмитаси раиси Б.Ҳамраевга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида тўпланган статистик маълумотлар сақланиши ва ҳимоя қилиниши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани, шунингдек, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун талабларига қай даражада риоя этилаётганига оид саволлар қўйилди.
Биз учун инсон қадри ва унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги олий қадриятдир. «Адолат» СДП фракцияси аъзоси ушбу масалада масъуллардан асослантирилган тушунтириш беришни сўраган.





