
2025 йил бошидан буён Ўзбекистонда ёнғинлар оқибатида 67 киши ҳалок бўлди
Йил бошидан буён Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ ёнғин содир бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳодисалар сони 17 фоизга кўпайди.

2025 йилнинг ўтган 11 ойи давомида Ўзбекистон бўйлаб жами 10 222 та ёнғин қайд этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга ортди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев 17 декабрдаги Парламент ялпи мажлисида маълум қилди.
Таъкидланишича, ёнғинлар оқибатида 102 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган, 67 киши эса ҳалок бўлган. Вазирнинг айтишича, ҳодисаларнинг асосий сабаблари эҳтиётсизлик, иситиш печлари ҳамда электр ускуналаридан нотўғри фойдаланиш билан боғлиқ. Ёнғинларнинг 76 фоизи аҳоли яшаш хонадонларида содир бўлган.
Қайд этилишича, ёнғинлар профилактикасини кучайтириш мақсадида 2025 йил куз мавсумида бир қатор умуммиллий кампаниялар бошланган. Хусусан, 1 октябрдан «Ёнғиндан огоҳлик», 1 ноябрдан фавқулодда вазиятлар профилактикаси, 1 декабрдан эса Ёнғин хавфсизлиги ойлиги амалга оширилмоқда.
Вазир, шунингдек, 2026 йил 1 январдан Тошкент вилоятида «Маҳалла муҳофазаси» синов лойиҳаси ишга туширилишини маълум қилди. Ушбу лойиҳа доирасида печлар ва мўриларга профессионал техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
ФВВ маълумотларига кўра, мамлакатдаги 323 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотнинг 80 мингтаси текширувдан ўтказилиб, аниқланган қоидабузарликлар бўйича чоралар кўрилган.





