add

2025 йилда Ўзбекистонда электромобиллар савдоси 35 фоизга ўсган

Bugun 14:322 daqiqa

Ўтган йилда бирламчи автомобил бозорида ўсиш сақланиб, электромобиллар талаб ва сотув суръатлари бўйича бозорнинг энг фаол сегментига айланган.

2025 йилда Ўзбекистонда электромобиллар савдоси 35 фоизга ўсган

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда бирламчи автомобил бозори барқарор ўсиш суръатларини намойиш этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумот берди.

Таҳлилларга кўра, маҳаллий ва импорт ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси йил давомида 5,2 фоизга ошиб, қарийб 370 минг донани ташкил этди. Бу натижа истеъмолчилар фаоллиги сақланиб қолганини ва бозорда талаб пасаймаганини кўрсатади.

Ҳудудий кесимда энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида қайд этилди — бу ерда савдо ҳажми 45 фоизга ошган. Тошкент вилоятида ўсиш 36 фоизни, Наманган вилоятида 26 фоизни, Қашқадарё вилоятида эса 21 фоизни ташкил қилди. Мазкур ҳудудларда аҳоли даромадлари ўсиши ва инфратузилманинг яхшиланиши автомобиль харидларига ижобий таъсир кўрсатгани таъкидланади.

Шу билан бирга, бозорда нотенг динамика ҳам кузатилди. Тошкент шаҳрида, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларида янги енгил автомобиллар реализацияси ҳажми қисқарди. Мутахассислар бу ҳолатни юқори рақобат, бозорнинг маълум даражада тўйиниши ва истеъмолчиларнинг харидни кечиктиришга мойиллиги билан изоҳлайди.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегменти бозорда етакчи бўлиб қолди. 2025 йилда ушбу сегментдаги савдо ҳажми 315 минг донадан ошди. Импорт автомобиллар реализацияси эса тахминан 53,3 минг донани ташкил этди, бу умумий бозордаги улуш нисбатан чекланганлигини кўрсатади.

Йилнинг энг муҳим тенденцияси электромобиллар бозорида кузатилди.

Янги электромобиллар сотуви 35 фоизга ошиб, 40,7 минг донани ташкил этди. Ушбу сегмент ўсишнинг асосий драйверига айланиб, экологик транспортга қизиқиш ортиб бораётганини намоён қилди. Электромобиллар сотувининг 71 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, кейинги ўринларда Самарқанд, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid