add

2025 йилда ташаббусли бюджетга қанча маблағ йўналтирилди?

Kecha 17:351 daqiqa

Ташаббусли бюджетга ажратилган маблағларнинг деярли ярми ички йўлларни таъмирлашга сарфланди.

2025 йилда ташаббусли бюджетга қанча маблағ йўналтирилди?

2025 йилда Ташаббусли бюджет лойиҳалари учун жами 6,5 трлн сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий маълумот берди. Дастур доирасида ажратилган маблағлар маҳаллаларда энг долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилди.

Маблағнинг энг катта қисми — 3,2 трлн сўм ёки 49 фоизи ички йўлларни таъмирлаш ишларига сарфланади. Бу кўрсаткич маҳаллаларда транспорт қатнови, хавфсизлик ва аҳоли кундалик ҳаёти учун муҳим инфратузилмани яхшилаш устувор йўналиш эканини кўрсатади.

Шунингдек, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 1,5 трлн сўм ажратилди. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 0,5 трлн сўм йўналтирилиб, тиббий муассасалар ҳолатини яхшилаш режалаштирилган.

2025 йилги Ташаббусли бюджет жараёнлари якунига кўра, жами 3 минг 984 та маҳалла ғолиб деб топилди. Уларнинг 728 таси илк бор ушбу дастурда ғолибликни қўлга киритиб, маҳаллий ташаббусларни амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

Дастур доирасида 2026 йилдан бошлаб шерикчилик асосида молиялаштириш механизми ишга тушади. Аҳоли томонидан лойиҳа қийматининг 50 фоизи тўпланса, бундай лойиҳалар автоматик тарзда ғолиб деб эътироф этилади ва қолган қисми давлат томонидан қопланади.

Бунда ҳар бир маҳаллага бир мавсумда фақат битта шерикчилик лойиҳасини амалга оширишга рухсат берилади. Шу билан бирга, белгиланган маблағни жамлай олмаган лойиҳалар анъанавий овоз бериш босқичига ўтказилади.

Teglar

Mavzuga oid