2026-йилги дата-марказлар харитаси: Ўзбекистон нечанчи ўринда?

23.02.2026 | 11:252 daqiqa

Дата-марказлар — рақамли иқтисодиётнинг юраги ҳисобланади. У стриминг платформалари, булутли сақлаш тизимлари ва сунъий интеллект хизматларининг узлуксиз ишлашини таъминлайдиган асосий инфратузилмадир. Data-марказларсиз интернет, онлайн хизматлар ва замонавий IT тизимлар тўлиқ ишлай олмайди.

2026-йилги дата-марказлар харитаси: Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Дата-марказлар сони бўйича АҚШ дунёда етакчи мамлакат ҳисобланади. Data Center Map маълумотларига кўра, мамлакатлар кесимида фаол объектлар ҳисобга олинганда, АҚШда 3960 та дата-марказ мавжуд. Бу кўрсаткич рўйхатда АҚШдан кейин турувчи 14 давлатдаги жами марказлар сонига тенг ёки ундан ҳам ортиқдир.

1

Бундай устунлик етакчи булутли провайдерлар ва технологик компанияларнинг кўп йиллик йирик сармоялари билан изоҳланади. Натижада жаҳон булутли қувватларининг салмоқли қисми ҳамда сунъий интеллект инфратузилмасининг асосий сегменти айнан АҚШ ҳудудида жамланган.

Айрим соҳавий баҳолашларда мамлакатдаги дата-марказлар умумий сони 5000 тадан ҳам юқори экани қайд этилади. Фарқлар ҳисоблаш услуби ва объектларни таснифлаш мезонларига боғлиқ.

Европа мамлакатлари ҳам концентрация даражаси бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Буюк Британия, Германия ва Франция ҳар бири юзлаб дата-марказларга эга. Улар халқаро интернет алмашинуви тугунлари ва глобал булутли ҳамда IT хизматларини жойлаштириш марказлари ҳисобланади. Нидерландия, Испания ва Швеция ҳам йирик дата-инфратузилмага эга давлатлар қаторида.

Осиё минтақаси эса тез суръатларда ўсмоқда. Хитой, Япония ва Ҳиндистон рақамли хизматларга талаб ошиши ва булут технологияларининг жадал жорий этилиши ҳисобига инфратузилмани кенгайтирмоқда. Индонезия, Малайзия ва Жанубий Корея каби ривожланаётган иқтисодиётлар ҳам глобал харитада фаол иштирок этмоқда. Сингапур ва Ҳонгконг эса қулай географик жойлашуви ва ривожланган алоқа тизими туфайли кутилгандан юқори натижаларни намоён этмоқда.

Марказий Осиёда дата-марказлар сони ҳозирча чекланган. Қозоғистонда 15 та, Ўзбекистонда 6 та, Қирғизистонда 3 та дата-марказ фаолият юритмоқда. Бу рақамлар минтақада рақамли инфратузилмани янада кенгайтириш ва халқаро булутли хизматлар бозорида рақобатбардошликни ошириш заруратини кўрсатади. Ўзбекистондаги 6 та дата-марказнинг ҳаммаси Тошкент шаҳрида жойлашган.

2

Маълумот учун: Дата-марказ (data center) — бу серверлар, маълумот сақлаш қурилмалари ва тармоқ ускуналари жойлашган махсус техник мажмуа. У ерда веб-сайтлар, мобил иловалар, булутли хизматлар ва корпоратив ахборот тизимлари ишлайди.

Оддий қилиб айтганда, интернетда фойдаланаётган деярли барча хизматлар — ижтимоий тармоқлар, банк дастурлари, онлайн дўконлар, стриминг платформалар — ўз маълумотларини дата-марказларда сақлайди ва қайта ишлайди.

Дата-марказлар нега керак?

Биринчидан, маълумотларни хавфсиз сақлаш учун. Дата-марказларда электр таъминотининг захира манбалари, кучли совитиш тизимлари ва киберхавфсизлик ҳимояси мавжуд. Бу маълумот йўқолиши ёки тизим ишдан чиқишининг олдини олади.

Иккинчидан, хизматларни узлуксиз ишлатиш учун. Серверлар 24/7 ишлайди. Агар бир ускуна ишдан чиқса, резерв тизим автоматик равишда унинг ўрнини босади.

Учинчидан, катта ҳажмдаги маълумотларни тез қайта ишлаш учун. Сунъий интеллект, онлайн тўловлар, давлат хизматлари ва электрон тижорат юқори ҳисоблаш қувватини талаб қилади.

Teglar

Mavzuga oid