25 та корхона устун музокара кучига эга деб эътироф этилди

Kecha 12:552 daqiqa

Устун музокара кучига эга бўлган корхоналар бозорда устун мавқега эга бўлмаса ҳам, битим шартлари, товарлар сотиладиган ҳудуд ёки нархга бир томонлама таъсир кўрсатиши мумкин.

25 та корхона устун музокара кучига эга деб эътироф этилди © istock

Рақобат қўмитаси таҳлиллари натижасида мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритувчи 25 та хўжалик юритувчи субъект устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.

Маълум бўлишича, қўмитанинг ҳудудий бошқармалари республика бўйлаб товар ва молия бозорларидаги рақобат муҳитини ўрганиш бўйича кенг қамровли таҳлил ишларини амалга оширган.

Таҳлиллар давомида бозор иштирокчиларининг фаолияти, уларнинг бозордаги таъсир доираси ва шартномавий муносабатларга таъсир кўрсатиш имкониятлари баҳоланиб, 25 та хўжалик юритувчи субъектлар ўзлари фаолият юритаётган ҳудудларда устун музокара кучига эга деб топилган. Бу ҳақда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддаси асосида Рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг тегишли буйруқлари билан расмийлаштирилган.

Устун музокара кучи нима?

Амалдаги қонунчиликка кўра, хўжалик юритувчи субъект бозорда устун мавқега эга бўлмаган тақдирда ҳам, агар у битим шартлари, товар сотиладиган ҳудуд ёки нархларга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлса, бундай ҳолат устун музокара кучи сифатида баҳоланади.

Бу мақом корхонанинг бозордаги таъсири юқори эканини англатади, аммо унга рақобатни чеклаш ҳуқуқини бермайди.

Қонунчиликда бундай субъектлар фаолияти устидан алоҳида назорат механизмлари ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистондаги устун музокара кучига эга корхоналар рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Шу билан бирга, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, устун музокара кучига эга деб топилган субъектлар рақобатни чеклашга олиб келадиган ҳаракатларни амалга ошириши мумкин эмас.

Шунингдек, истеъмолчиларнинг ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини камситувчи амалиётлар ҳам тақиқланган.

Рақобат қўмитаси мазкур мақомга эга корхоналарнинг бозордаги хатти-ҳаракатларини доимий мониторинг қилиб боришини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси OLX платформасини Ўзбекистондаги онлайн эълон жойлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли оператор сифатида эътироф этганди.

Teglar

Mavzuga oid

25 та корхона устун музокара кучига эга деб эътироф этилди | Vaqt.uz