
4 млрд долларлик марра: Иссиқхоналар энди Лойиҳа офиси назоратида бўлади
Янги тузилма иссиқхона хўжаликлари самарадорлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган дастурни мувофиқлаштиради.

Ўзбекистонда иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва улар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ҳукумат ҳузурида махсус Лойиҳа офиси ташкил этилмоқда. Бу қарор 7 январ куни қабул қилинган бўлиб, соҳани тизимли ислоҳ қилиш ва ягона ёндашув асосида ривожлантиришни кўзда тутади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли қарорни эълон қилди.
Ҳукумат ҳузуридаги ушбу Лойиҳа офиси иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс дастурни ишлаб чиқиш жараёнларини мувофиқлаштиради. Янги тузилмада жами олти нафар мутахассис, жумладан, раҳбар иш олиб боради.
Лойиҳа офиси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибиятига ҳисобдор бўлади.
Янги тузилма мутахассислари ишлаб чиқиладиган дастурнинг асосий талаблари ва техник шартларини белгилайди. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда консалтинг компанияларининг иссиқхоначилик соҳасига оид тавсияларини умумлаштириш ва чуқур таҳлил қилиш уларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, Лойиҳа офиси хорижий тажриба асосида шакллантирилган ташаббусларни амалиётга жорий этиш, соҳани ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш ва ривожланиш истиқболларини баҳолаш билан шуғулланади.
Мазкур дастурни ишлаб чиқиш ўтган йил октабр ойида қабул қилинган президент фармонида назарда тутилган бўлиб, унга кўра иссиқхона маҳсулотлари экспортини 2026 йилда 3,5 миллиард долларга, кейинги йилда эса 4 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган.





