Logo

600 долларлик хизмат учун 13 минг доллар талаб қилган товламачилар судланди

Тошкентдаги «Фарҳод» автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида мижозларни қўрқитиб, рухсатисиз автомобилларга эҳтиёт қисмлар ўрнатиш ва катта миқдорда пул талаб қилишда айбланган 14 нафар шахсга суд ҳукми ўқилди. Суд 14 нафар судланувчининг барчасини айбдор деб топди.

Пойтахтдаги “Фарҳод” автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида товламачиликда айбланиб, 14 киши қўлга олинганди. Улар машина эгаларининг рухсатисиз автомобилларга эҳтиёт қисмлар ўрнатган ва таҳдид билан тўловни талаб қилган. 29-июн куни ЖИБ Учтепа туман судида мазкур жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди.

Шу ўринда воқеа тарихига назар ташласак:

Пойтахтнинг Учтепа туманидаги Фарҳод кўчасида жойлашган автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида 14 нафар шахс мижознинг автотранспорт воситасига унинг рухсатисиз ва олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, техник хизмат кўрсатишган. Шундан сўнг, ушбу хизмат бозор нархида 600 доллар бўлишига қарамасдан, фуқародан 13 300 долларини товламачилик йўли билан ундиришган.

Эътироз билдириб, ўз ҳаққини талаб қилган мижозга зўравонлар қўрқитиш йўли билан таҳдид қилишган.

Яна шунга ўхшаш ҳолатда эса гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқаронинг автомашинасига унинг розилигисиз турли эҳтиёт қисмларни ўрнатиб, ундан 3 баробар қиммат нархда пул талаб қилишган. Аниқланишича, улар автомашина калитини фуқародан олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали ундан 15 млн сўм ундиришган.

Бундан ташқари, улар яна 2 нафар фуқаронинг автомашинасини қўшимча эҳтиёт қисмлар билан жиҳозлаш учун улардан жами 70 млн сўм миқдорида пул олиб, ваъда қилинган ишни бажаришмаган.

Автомашиналар эҳтиёт қисмлари бозорида олдиндан машиналарга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланганлар бозорга келган мижозларга, буюртма қилмаган кам ҳажмли техник хизматларни кўрсатса-да, кўп миқдордаги пул маблағларини беришни талаб қилиб, мулкига шикаст етказиш таҳдиди билан қўрқитиб, 11 нафар жабрланувчилардан жами 432 млн сўм миқдорда пулни товламачилик йўли билан эгаллаган.

Товламачилик билан шуғулланганликда айбланган судланувчиларга, жиноий хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб, 3 йилдан 6 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланди. Айрим судланувчилар (муқаддам судлангани боис) тайинланган жазони қаттиқ тартибли, айримлари умумий тартибдаги жазо колонияларида ўташи белгиланди.

Жумладан, 3 нафар судланувчи ЖК 165-моддаси 2-қисми “а”, “б” ва “в” бандлари билан айбдор топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

8 нафар судланувчи ЖК 165- моддаси 2-қисми “а”, “б” ва “в” бандлари билан айбдор деб топилиб, жазони умумий ва қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

1 нафар судланувчи ЖК 165-моддаси 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан айбдор деб топилиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

2 нафар судланувчи ЖК 165-моддаси 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор-монтажчи: Мироқил Хайруллаев

Teglar

Baxtiyor To‘xtayev

Baxtiyor To‘xtayevMaqolalar soni: 27

Barchasi

Mavzuga oid