Logo

2040-йил учун жаҳон иқтисодиёти прогнози: қайси давлатлар кучаяди?

08.11.2026 | 11:353 daqiqa

Глобал иқтисодиёт ҳажми 2026-йилдаги 124 трлн доллардан 2040-йилга бориб 227 трлн долларга етади. Бу қарийб 83 фоизга ўсишни англатади. Натижада дунёнинг етакчи иқтисодиётлари ўртасидаги кучлар нисбати ҳам ўзгаради.

2040-йил учун жаҳон иқтисодиёти прогнози: қайси давлатлар кучаяди? © forexgdp.com

2040-йилга бориб жаҳон иқтисодиёти ҳажми 2026-йилдаги 124 триллион доллардан 227 триллион долларга етади. Бу жаҳон иқтисодиёти қарийб 83 фоизга ўсишини англатади. Хитой АҚШга анча яқинлашади, Осиё мамлакатларининг жаҳон иқтисодиётидаги улуши эса ортиб боради.

«Visual Capitalist» инфографикасида 2040-йилга бориб дунёнинг 190 та мамлакати ва ҳудуди иқтисодиёти ҳажми қандай бўлиши прогноз қилинган. Маълумотлар Иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази (Cebr) томонидан тайёрланган «World Economic League Table 2026» ҳисоботига асосланган. Ундаги кўрсаткичлар мамлакатларда бир йил давомида ишлаб чиқарилган барча товар ва хизматларнинг умумий қийматини, яъни номинал ялпи ички маҳсулотни (ЯИМ) АҚШ долларида ифодалайди. Бунда инфляция, яъни нархларнинг ошиши ҳисобга олинмаган.

«Cebr» ҳисоб-китобларига кўра, 2026-йилда АҚШ жаҳон иқтисодиётининг қарийб 26 фоизини ташкил этади. Мамлакат ЯИМ ҳажми 31,6 триллион долларга тенг. Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши эса 17 фоизни, ЯИМ ҳажми 20,9 триллион долларни ташкил қилади.

2040-йилга бориб дунёнинг икки йирик иқтисодиёти — АҚШ ва Хитой ўртасидаги фарқ анча қисқариши кутилмоқда. Агар 2026-йилда бу фарқ 10,7 триллион долларни ташкил этса, 2040-йилда тахминан 5 триллион долларгача камаяди. АҚШ 52,9 триллион долларлик ЯИМ билан дунёда биринчи ўринни сақлаб қолади. Хитой эса 47,9 триллион доллар билан иккинчи ўринда бўлади. Шу билан бирга, Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 17 фоиздан 21 фоизга ошиши, АҚШ улуши эса 26 фоиздан 23 фоизга камайиши прогноз қилинмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, харид қобилияти паритети (ХҚП) бўйича Хитой 2026-йилнинг ўзидаёқ дунёдаги энг йирик иқтисодиёт ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич мамлакатлардаги нархлар ва пулнинг харид қобилияти ўртасидаги фарқни ҳисобга олади.

Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан кучайиши жаҳон иқтисодиёти марказининг Осиё томон силжишининг бир қисми ҳисобланади. Прогнозларга кўра, Осиёнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 2026-йилдаги 32 фоиздан 2040-йилга бориб 39 фоизга етади.

photo_2026-11-08_11-37-42


Айни пайтда Европанинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 26 фоиздан 21 фоизга, Шимолий Американинг улуши эса 30 фоиздан 27 фоизга камайиши кутилмоқда.

АҚШ дунёдаги энг йирик миллий иқтисодиёт мақомини сақлаб қолиши кутилаётган бўлса-да, Хитой, Ҳиндистон ва Индонезиянинг жадал ривожланиши Осиёнинг жаҳон савдоси, истеъмол бозори ва инвестицияларидаги аҳамиятини янада оширади.

Ҳиндистон 2026-йилдаги тўртинчи ўриндан 2040-йилга бориб учинчи ўринга кўтарилиши кутилмоқда. Шу даврда мамлакат иқтисодиёти 4,5 триллион доллардан 14,1 триллион долларга етиб, уч баробардан кўпроқ ўсади. Натижада Ҳиндистон ЯИМ ҳажми Германия (7,8 триллион доллар) ва Япония (5,9 триллион доллар) иқтисодиётларининг умумий ҳажмидан ҳам ошиб кетади.

«Cebr» мутахассисларининг таъкидлашича, йирик ишлаб чиқарувчи компаниялар Хитойга қарамликни камайтириш ва ишлаб чиқариш занжирларини бошқа мамлакатларга кўчиришга интилаётгани Ҳиндистон учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Бунга мисол сифатида «Apple» компаниясининг Ҳиндистондаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришини келтириш мумкин.

Германия ва Япония эса иқтисодиёти ўсишда давом этишига қарамай, дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтингида пастлайди. 2040-йилга бориб Германия учинчи ўриндан тўртинчи ўринга, Япония эса бешинчи ўриндан олтинчи ўринга тушиши кутилмоқда. Бунга бошқа мамлакатлар, хусусан, Ҳиндистон ва Буюк Британия иқтисодиётининг тезроқ ўсиши сабаб бўлади. Буюк Британия Япония иқтисодиётидан ўзиб кетиши прогноз қилинмоқда.

Индонезия эса рейтингда янада юқорига кўтарилади. Мамлакат 2026-йилдаги 17-ўриндан 2040-йилга бориб саккизинчи ўринга чиқиши кутилмоқда. Унинг ЯИМ ҳажми 4,2 триллион долларга етиб, 3,8 триллион долларлик Италия иқтисодиётидан ошиб кетади. Натижада Италия дунёнинг энг йирик 10 та иқтисодиёти қаторидан чиқиб кетади.

Россия эса 2040-йилга бориб 3,2 триллион долларлик ЯИМ билан дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтингида 16-ўринни эгаллаши прогноз қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳон қарзи ЯИМнинг 100 фоизига яқинлашишини ёзган эдик. Ҳукуматларга қарз юкини ушлаб туришга ёрдам берган арзон пуллар ва тез иқтисодий ўсиш даври якунланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

2040-йил учун жаҳон иқтисодиёти прогнози: қайси давлатлар кучаяди? | Vaqt.uz