
Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган судялар ишдан олинди
Акмал Шукуровни озодликка чиқарган Тошкент шаҳар суди судялари ва раис ўринбосари президент фармойиши билан лавозимидан озод этилди.

Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича 3 нафар судяси ва Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу маълумотни Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров Vaqt.uz’га тасдиқлади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 25 декабрдаги фармойишига мувофиқ Мирзажонов Муроджон Кодирович– ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 79-моддаси 1-қисмининг 2,10-бандларига асосан судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Судялар олий кенгаши қарорига мувофиқ, ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун Ўзбекистон «Судлар тўғрисида»ги Қонуни 79-моддаси 1-қисмининг 2,10-бандларига асосан Тургунова Мухтарама Махамадалиевна, Илхомжонов Одилбек Илхомжон ўғли ҳамда Абидов Мирзиёд Мирджололитдиновичларнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судяси лавозимидан озод этилган.
Ўз навбатида, Фарҳоджон Боқижонович Ғаниев Муроджон Мирзажонов ўрнига Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган. У шу вақтгача Андижон вилоят суди раиси лавозимида ишлаётганди.
Муроджон Абдуқоҳорович Абабакиров эса Андижон вилоят суди раиси ўринбосари ‒ жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган.
Маълумот учун, Акмал Шукуровнинг жиноий ўтмиши бир неча оғир жиноятларни қамраб олган бўлиб, у 2022 йилда фуқаро И.Ш.нинг ишончига кириб, Германиядан микроавтобуслар етказиб бериш ваъдаси билан 215 минг евро маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Шунингдек, у пойтахтдаги кўнгилочар масканларда тизимли равишда безорилик қилиб келган: 2024 йилда «Bootlegger» кафесида танишини дўппослаган бўлса, 2025 йилнинг мартида «The Tower» меҳмонхонаси ёнида аёл кишига тегажоғлик қилиб, уни ҳимоя қилмоқчи бўлган фуқаро Б.нинг юзига кучли зарба берган. Оқибатда жабрланувчи оғир бош мия жароҳати билан сунъий кома ҳолатига тушиб, мураккаб операцияни бошдан кечирган, Шукуров эса воқеа жойидан қочиб, Қозоғистонда қўлга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Акмал Шукуровга ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми билан 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Акмал Шукуровга ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октабрдаги ҳукми билан 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, бироқ Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси 9 декабр куни жазони 4 йил 1 ой озодликни чеклашга алмаштириб, уни суд залидан озод қилган. Кейинчалик, 18 декабрда Тошкент шаҳар прокуратурасининг протести асосида иш тафтиш инстанциясида қайта кўриб чиқилиб, Шукуров 6 йилга озодликдан маҳрум этилган ва қамоққа қайтарилган, шунингдек, ишни апелляцияда кўрган судяларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганди. Бугун улар лавозимидан озод этилди.





