Logo

Алишер Қодиров миллий жамоани аввал танқид қилиб, кейин мақтагани сабабини изоҳлади

Bugun 17:452 daqiqa

Аввалроқ депутат жамоадаги «хизмат кўрсатган» футболчилар ўрнига келажакда самара берадиган ёш таркибга имконият бериш кераклигини айтган эди.

Алишер Қодиров миллий жамоани аввал танқид қилиб, кейин мақтагани сабабини изоҳлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров миллий терма жамоа ва айрим футболчиларни кескин танқид қилганига изоҳ берди.

«Ота фарзандини ёмон кўргани учун эмас, аксинча, унга яхшиликни раво кўргани ва қаттиқ меҳри сабабли тарбиялайди. Миллий жамоага келсак, уларни ёмон кўришнинг асло иложи йўқ. Жамоа натижаларини баъзида ҳатто футболчиларнинг ўзидан ҳам оғирроқ қабул қилишимиз бизни танқидга ундайди. Лекин бизда бошқа Ўзбекистон, бошқа миллий жамоа йўқ.

Бугун футболчиларни кутиб олишга чиқдим. Балки, ўша танқидларимиз йигитларга руҳан ёмон таъсир қилгандир, балки шу босим учун ҳозир пушаймон ҳам бўлаётгандирман. Лекин шуни аниқ айтишим мумкинки, мен бу жамоанинг танасига зирапча киришини хоҳламайман. Йигитлар жуда оғир зарбани қабул қилишди, бироқ бу зарба аслида ўзбек футболининг келгуси ривожланиш йўлини очиб берди. Бу футболчиларнинг ҳақиқий ғалабаси шундаки, улар зарбани биринчи бўлиб ўзларига қабул қилиб, келажак сари йўл очдилар», —  деди Қодиров.

Шунингдек, дарвозабон ўзгариши керак деган фикрини ҳам изоҳлаб, танқидлари дарвозабонга эмас, уларни ўйинга тайёрлайдиган масъул ходимларга нисабатан қаратилганини таъкидлади.

«Дарвозабон ҳақидаги гапларим дарвозабонни ўйинга тайёрлаш ва уни руҳий тайёрлаш учун масъул бўлган ходимларга эътироз эди бу. Дарвозабоннинг санъатига, дарвозабоннинг қувватига эмас. Учта дарвозабоннинг бирортасига шубҳам йўқ», — деди депутат. 

Аввалроқ Алишер Қодиров жамоадаги «хизмат кўрсатган» футболчилар ўрнига келажакда самара берадиган ёш таркибга имконият бериш кераклигини айтганди. 

Қодировнинг фикрича, жамоада айрим позитсияларда жиддий бўшлиқлар бор, айниқса дарвозабон масаласи алоҳида эътибор талаб қилади. У бош мураббий Фабио Каннаваро атрофида келажак саралаш босқичларига мос рақобатбардош таркиб шакллантириш зарурлигини ҳам қайд этганди. Шу билан бирга, у футболчиларга мурожаат қилиб, босим ва танқидлардан қатъи назар, майдонда ғурур билан ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади ҳамда жамоанинг Осиёдаги энг кучли термалар қаторида эмаслигини айтганди.

Teglar

Mavzuga oid

Алишер Қодиров миллий жамоани аввал танқид қилиб, кейин мақтагани сабабини изоҳлади | Vaqt.uz