Logo

Андижонда ҳоким ўринбосари пора билан ушланди

Bugun 19:062 daqiqa

Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва кадастр мансабдори 50 сотих ерни аукциондан олиб бериш учун 100 минг доллар талаб қилиб, 30 минг доллар олаётганда қўлга тушган.

Андижонда ҳоким ўринбосари пора билан ушланди © Videodan kadr

Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва кадастр бўлими мансабдори тадбиркордан 100 минг доллар талаб қилиб, шундан 30 минг долларини олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.

Қайд этилишича, Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали мансабдори ўзаро тил бириктирган. Улар ўз хизмат мавқеларидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаронинг ишончига киришган. Мансабдор шахслар туман ҳокимлиги захирасида бўлган 50 сотих ер майдонини онлайн аукцион савдолари орқали арзон нархда мазкур фуқаро номига ютиб беришни ваъда қилишган. Бу хизмат эвазига эса ундан 100 минг доллар талаб қилишган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида махсус тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида ушбу икки мансабдор шахс сўралган пул маблағи ҳисобидан 30 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олаётган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган ва уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» ва «г» бандлари (жуда кўп миқдорда, хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур иш доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid