Андижонда наркотик савдоси билан шуғулланганлар қамалди
Қирғизистондан гиёҳвандлик воситаларини олиб кириб, Ўзбекистонда тарқатиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилди.
© Videodan kadr2025 йил август ойида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва Божхона идоралари ҳамкорлигида Андижон вилояти Пахтаобод туманида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида ҳаракатланаётган “Матиз” автомашинаси тўхтатилиб текширилган.
Натижада, 1984 йилда туғилган ва муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган шахсга тегишли қарийб 2 килограмм “гашиш” ҳамда электрон тарози аниқланган. Кейинчалик унинг яшаш манзили кўздан кечирилиб, яна 2 килограммдан ортиқ “гашиш” мусодара қилинган.
Тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳнинг яна 3 нафар аъзоси ушланган. Улардан жами 391 грамм “гашиш” ва 542 грамм марихуана ашёвий далил сифатида олинган.
Тергов материалларига кўра, гуруҳнинг бошқа аъзолари Қирғиз Республикасидаги наркосавдогарлардан “товар”ни қабул қилиш, уни чегара орқали ўтказиш ва белгиланган манзилга етказиш вазифаларини бажариб келган.
Маълум бўлишича, мазкур жиноий гуруҳ фаолияти давомида қарийб 10 килограмм “гашиш” моддасини ноқонуний айланмага киритган.
Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди ҳукмига кўра, гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан айбли деб топилиб, 8 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.





