«Apple» раҳбари Тим Кук «Nike» акцияларини сотиб олди
Тим Кук ва Эллиотт Хилл томонидан амалга оширилган акция харидлари бозорда ижобий реакцияга сабаб бўлди.
© businessinsiderКеча, 14-апрел куни қўшимча савдоларда «Nike Inc.» акциялари 2 фоизга ўсди. Бунга инсайдерлар – «Apple» бош ижрочи директори Тим Кук ҳамда «Nike Inc.» бош ижрочи директори Эллиотт Хилл томонидан акциялар сотиб олингани сабаб бўлди. Бу ҳақда «Investing» хабар берди.
Тим Кук қанча акция сотиб олди?
Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) тақдим этилган 4-шаклдаги ҳужжатга кўра, Тим Кук 2026-йил 10-апрел куни 25 000 дона «B» тоифасидаги оддий акцияларни сотиб олди.
Акциялар бир нечта транзакциялар орқали, ҳар бир донаси учун ўртача 42,43 доллар нархида (42,42 доллардан 42,44 долларгача бўлган оралиқда) харид қилинган. Ушбу хариддан сўнг Кук тўғридан тўғри эгалик қиладиган акциялар сони 130 480 донага етди.
Эллиотт Хилл қанча акция олди?
Шунингдек, ҳужжатда қайд этилишича, «Nike» президенти ва бош ижрочи директори Эллиотт Хилл 2026-йил 13-апрел куни 23 660 дона акция сотиб олган. Битим ҳар бир акция учун 42,27 доллар нархида амалга оширилган бўлиб, унинг умумий қиймати тахминан 1 миллион долларни ташкил этади. Ушбу хариддан кейин Хиллнинг ихтиёридаги акциялар миқдори 265 247 донага етди.
Инсайдерлар томонидан амалга оширилган бундай харидлар кўпинча инвесторлар эътиборини тортади, чунки бу компания фаолияти ҳақида чуқур билимга эга бўлган раҳбарларнинг унинг келажагига ишончи борлигидан далолат бериши мумкин.
«Apple» раҳбари олдин ҳам «Nike» акцияларини сотиб олган
Расмий ҳисоботга кўра, 2025-йил 22-декабр куни у ҳар бир донасини ўртача 58,97 доллардан, жами 50 000 дона «B» тоифасидаги акцияларни харид қилди. Ушбу харид учун у умумий ҳисобда тахминан 2,95 миллион доллар сарфлаган. Ўшанда Тим Кукнинг хариди ҳақидаги маълумот эълон қилингач, компания қимматли қоғозлари 2 фоиздан 5 фоизгача ўсишни кўрсатганди.
Тим Кук 2005-йилдан бери «Nike» директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади, 2016-йилдан буён эса етакчи мустақил директор лавозимини эгаллаб келмоқда ва мукофотлаш қўмитасига раҳбарлик қилади.





