Апрел ойида эскроу орқали нечта битим имзолангани маълум қилинди
Апрел ойида эскроу тизими орқали амалга оширилган энг кўп битимлар Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда.
© Getty ImagеsЎзбекистонда 1–30 апрел кунлари эскроу ҳисобварақлари орқали 33 273 та шартнома расмийлаштирилган ва жараёнда бўлгани маълум қилинди.
Шундан 19 660 та битим транспорт воситалари савдосига тўғри келган бўлса, 13 613 таси кўчмас мулк олди-сотдисини ташкил этган.

Энг кўп шартнома тузган ҳудудлар
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида қайд этилди — 9 505 та битим амалга оширилган. Шунингдек, Фарғона вилоятида 3 197 та, Самарқанд вилоятида эса 2 912 та шартнома тузилган.
Айни пайтда, бошқа ҳудудларда ҳам барқарор фаоллик кузатилди. Жумладан, Бухоро вилоятида 1 738 та, Қашқадарё вилоятида 1 755 та ва Хоразм вилоятида 1 591 та битим расмийлаштирилган.
Эскроу механизми ҳисоб-китобларнинг хавфсизлиги ва шаффофлигини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда эскроу тизими орқали амалга ошириладиган битимлар бўйича хизмат ҳақлари учун аниқ чекловлар жорий этилган. Кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар учун комиссия базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан ошмайди. Амалда бу энг кўпи билан 206 минг сўмгача дегани.
Автотранспорт воситалари бўйича битимларда хизмат ҳақи базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизидан, яъни 103 минг сўмдан ошмаслиги керак.





