Logo

АҚШ бир ойлик танаффусдан сўнг Эронга яна зарба берди

Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Иорданиядаги «Қирол Ҳусайн» ва «Ал-Азрақ» ҳарбий базаларига ракета зарбаларини йўллади.

АҚШ бир ойлик танаффусдан сўнг Эронга яна зарба берди © Reuters

30-август куни АҚШ ҳарбийлари Ҳўрмуз бўғозида жойлашган Эроннинг Ларек оролидаги иккита ракета қурилмасига зарба берди. Бу Вашингтоннинг июл ойи охиридан бери Эрон ҳудудига берган илк маълум зарбаси бўлди.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (КСИР) 31-августга ўтар кечаси Иорданиядаги АҚШнинг «Қирол Ҳусайн» ва «Ал-Азрақ» ҳарбий базаларига баллистик ракеталар билан зарба берилганини маълум қилди. КСИР бу ҳужумни АҚШнинг Ларак оролига берган зарбасига жавоб сифатида баҳолади.

АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, КСИР кучлари Ларак оролидан Ҳормуз бўғозига денгиз миналарини етказиб бериш ва ракета учиришга тайёргарлик кўрган. АҚШ Марказий қўмондонлиги вакили Тим Хокинс зарбалар айнан шу таҳдиднинг олдини олиш мақсадида берилганини билдирди.

КСИР ҳужум оқибатида бир неча киши ҳалок бўлгани ва яраланганини маълум қилди. Корпус АҚШга қарши жавоб чоралари кўрилиши ва Вашингтон «жазоланиши»ни билдирди.

Ҳўрмуздаги хавф кучайди

Ларак ороли Эрон жанубида, Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган. Бўғоз жаҳон нефт савдоси учун муҳим денгиз йўли ҳисобланади. Шу сабабли бу ҳудуддаги ҳар қандай ҳарбий кескинлик халқаро савдо ва энергия бозорларига таъсир қилиши мумкин.

АҚШ ҳарбийлари зарбадан олдин Ҳормуз бўғозидаги халқаро кемалар ҳаракатланадиган йўлларни миналардан тозалаш ишларини якунлаганини билдирган. Президент Доналд Трамп эса янги мина ўрнатадиган ҳар қандай кема ёки қайиқ йўқ қилинишидан огоҳлантирган.

Икки давлат ўртасидаги янги зарбалар июль ойи охиридан бери нисбатан пасайган ҳарбий қарама-қаршиликни яна кучайтирди. Вашингтон Теҳронга нисбатан иқтисодий босимни ошираётган бир пайтда Ҳўрмуз бўғози назорати масаласи можаронинг асосий нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid