АҚШ элчихонаси дрон ҳужумига учради

03.03.2026 | 10:152 daqiqa

Бугун Саудия Арабистонидаги АҚШ элчихонасига дронлар зарба берди. Трамп тез орада бунинг учун «жавоб зарбаси» бермоқчи.

АҚШ элчихонаси дрон ҳужумига учради

АҚШнинг Ар Риёддаги элчихонасига икки дрон зарба берди, оқибатда ёнғин юз берди. Бу ҳақда бугун, 3-март куни Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги «X» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Дастлабки баҳолаш натижаларига кўра, элчихонага моддий зарар етган.

Дронлар ҳужуми 28-феврал куни Эронга қарши АҚШ ва Исроил зарбаларидан сўнг, Форс кўрфази давлатларида жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига эга мамлакатларга нисбатан давом этаётган Эрон ракета ва дрон ҳужумлари фонида содир бўлди.

Бугун эрталаб Риёддаги АҚШ элчихонаси ҳудудида кучли портлаш овози эшитилган ва аланга кўринган. «Reuters» манбаси ёнғин кичик бўлганини айтган.

Риёднинг Хорижий миссиялар жойлашган Дипломатик квартали устида қора тутун кўтарилгани кузатилган.

Бино эрта тонг соатларида бўш бўлгани сабабли жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган, деб маълум қилган манбалардан иккитаси.

Элчихона 3-март куни эрталаб Риёд, Жидда ва Заҳрондаги АҚШ фуқаролари учун «ўзига яқин жойда панагоҳ топиш» ҳақида огоҳлантиришини эълон қилди ва объектга қилинган ҳужум туфайли навбатдаги хабарга қадар элчихонага яқинлашмасликни тавсия этди.

Бу биринчи элчихона эмас

Кеча, 2-март куни Кувайтдаги АҚШ элчихонасидан ёки унга яқин ҳудуддан тутун кўтарилгани кузатилган. Ҳудудда ўт ўчирувчилар ва тез ёрдам машиналари кўринган. Бу ердаги АҚШ элчихонаси ҳам одамларга элчихонага келмаслик ва уйда паноҳ топишни тавсия қилган.

«Элчихонага келманг. Ўз уйингизда энг паст қаватда ва ойнадан узоқ жойда паноҳ топинг. Ташқарига чиқманг» – деб ёзилган элчихона сайтидаги кўрсатмаларда.

АҚШ элчихонаси ходимлари ҳам «ўз жойларида паноҳ топгани» қўшимча қилинган.

Трамп: элчихонамизга ҳужум учун жавоб зарбаси бўлади

АҚШ президенти Доналд Трамп «NewsNation» телеканалига берган интервюсида Риёддаги АҚШ элчихонасига қилинган ҳужум ва америкалик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани учун АҚШ «яқин орада» жавоб қайтаришини билдирган.

2-март куни кечқурунги ҳолатга кўра, олти нафар АҚШ ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, яна 18 нафари яраланган.

«Трамп менга ерусти қўшинларини жойлаштириш зарур бўлмайди, деб ҳисоблашини айтди», – деб ёзди «X» тармоғида «NewsNation»нинг сиёсий мухбири Келли Мейер.

Teglar

Mavzuga oid