Logo

АҚШ компанияси Ўзбекистонда GTL лойиҳасига сармоя киритишни режалаштирмоқда

«BlackRock» компанияси Ўзбекистонда газни суюқ ёқилғига айлантириш лойиҳасига инвестиция киритиш имкониятини ўрганмоқда. Компания, шунингдек, мамлакатдаги сунъий интеллект технологиялари ҳамда нефт-кимё тармоғидаги лойиҳаларга ҳам қизиқиш билдирмоқда.

АҚШ компанияси Ўзбекистонда GTL лойиҳасига сармоя киритишни режалаштирмоқда © prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 7-июл куни «BlackRock» директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебаё Огунлесини қабул қилди. Учрашувда стратегик шерикликни, аввало, ёқилғи-энергетика соҳасида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар компания иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини кўриб чиқди. Шунингдек, хусусийлаштириш жараёнларида ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, молия бозорини ривожлантириш, нефть-кимё тармоғидаги лойиҳаларни илгари суриш ҳамда сунъий интеллект соҳасига қўшма инвестициялар киритиш устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Янги инвестиция режалари

Учрашувдан сўнг Адебаё Огунлеси «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида музокаралар самарали ўтганини маълум қилди. Унинг айтишича, томонлар газни суюқ ёқилғига айлантириш (GTL) лойиҳаси ҳамда Ўзбекистонда халқаро молиявий марказ ташкил этиш ташаббусини ҳам муҳокама қилган.

Шунингдек, «BlackRock» сунъий интеллект инфратузилмаси, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва уларни бошқарувчи компанияларга сармоя киритиш режалари устида ишламоқда. Барқарор авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш ҳам компания қизиқиш билдираётган истиқболли йўналишлар қаторига киритилди.

Адебаё Огунлеси Ўзбекистонни инвестиция киритиш учун жозибадор мамлакат деб атади. Унинг таъкидлашича, яқинда бўлиб ўтган «Тошкент халқаро инвестиция форуми»да АҚШнинг 200 дан ортиқ компанияси иштирок этгани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш юқори эканини кўрсатади.

Унинг фикрича, «BlackRock» Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири, минтақага чиқиш дарвозаси ва Шарқ ҳамда Ғарбни боғловчи муҳим кўприк сифатида баҳолайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16-июн куни ҳам бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми арафасида АҚШнинг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказган эди.

Учрашувда АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович, Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк, АҚШ – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ҳамда «Air Products», «Cove Capital», «Templeton Global Investments», «Boeing», «77 Construction», «BlackRock», «FLS», «Visa», «JP Morgan», «Meta», «GULF» корпорациялари раҳбарлари ва яна бир қатор компаниялар вакиллари иштирок этган.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШ компанияси Ўзбекистонда GTL лойиҳасига сармоя киритишни режалаштирмоқда | Vaqt.uz