Logo

АҚШ «Толибон» таклифига рози бўлмади

Bugun 11:202 daqiqa

Кобул олдинроқ АҚШни Афғонистоннинг тоғ-кон саноати, инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларига сармоя киритишга чақирган эди. Мамлакатнинг минерал ресурслари қиймати қарийб 1 трлн долларга баҳоланади.

АҚШ «Толибон» таклифига рози бўлмади © Bloomberg

АҚШ Давлат департаменти «Толибон» муваққат ҳукуматининг Афғонистон минерал ресурсларини ўзлаштиришга Америка инвестицияларини жалб қилиш ҳақидаги таклифини рад этди. Департамент АҚШда расман террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган ҳаракат билан ҳамкорлик қилиш ниятида эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили Томми Пиготт «Америка овози»нинг минтақавий хизматига берган баёнотида маълум қилган. Кейинчалик бу маълумотни минтақадаги бошқа ОАВлар ҳам тарқатди.

«АҚШ Давлат департаменти «Толибон» — алоҳида белгиланган халқаро террорчилик ташкилоти — билан Афғонистоннинг муҳим минерал ресурсларини ўзлаштириш масаласида ҳеч қандай ҳамкорлик қилишни режалаштирмаяпти», — деди Пиготт.

Расмий Вашингтон «Толибон» назоратидаги конларга сармоя киритиши мумкинми, деган тўғридан-тўғри саволга жавобан у бундай қадам «фақат Толибонга пул беради ва уларнинг афғон халқига нисбатан даҳшатли муносабатини давом эттиришига шароит яратади», дея қўшимча қилди.

Бу баёнот «Толибон» ҳаракатининг ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақийнинг таклифига жавобан янгради. Муттақий 31-август куни «Financial Times» газетасига берган интервюсида АҚШни Афғонистоннинг тоғ-кон саноати, инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларига сармоя киритишга чақирган эди.

Унинг айтишича, Афғонистон Америка инвестицияларини мамнуният билан қабул қилади. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги муносабатларни «икки ўн йиллик уруш призмаси орқали» баҳоламаслик, балки келажакдаги ҳамкорликка эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.

Гап Афғонистондаги конларга эҳтимолий кириш имконияти ҳақида бормоқда. АҚШ геологик тадқиқотлари маълумотларига кўра, мамлакатнинг минерал ресурслари қиймати қарийб 1 триллион долларга баҳоланади. Афғонистонда мис, литий, ноёб ер металлари, кобалт ва темир рудаларининг катта захиралари мавжуд.

2021-йилда ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан бери «Толибон» умумий қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган тоғ-кон шартномаларини имзолаган. Бироқ бу лойиҳаларнинг асосий ҳамкорлари Хитой, Эрон, Қатар ва Туркия компаниялари бўлган. Улар орасида йирик ғарб инвесторлари бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бишкекдаги ШҲТ саммитида бир нечта ҳукумат вакиллари Афғонистон бўйича ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатор ташаббусларини муҳокама қилганди.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШ «Толибон» таклифига рози бўлмади | Vaqt.uz