
АҚШ Украинага хавфсизлик кафолатларини Конгресс орқали тасдиқлаши мумкин — CNN
АҚШ президенти Доналд Трамп Украина учун хавфсизлик кафолатларини Конгрессга киритишга тайёр, америкалик амалдорлар бу пакетни «энг кучли» деб аташмоқда.

CNN телекомпаниясининг маълум қилишича, АҚШ маъмурияти Украина учун хавфсизлик кафолатларини расмий ҳуқуқий форматга ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда. Манбаларга кўра, президент Доналд Трамп ушбу кафолатларни АҚШ Конгресси муҳокамасига тақдим этишга тайёр. Америкалик амалдорлар бу ташаббусни «жуда кучли» ва «платина стандарти» сифатида баҳоламоқда.
CNN билан суҳбатлашган юқори мартабали амалдор таъкидлашича, таклиф этилаётган хавфсизлик протоколлари Вашингтон томонидан ҳозиргача ишлаб чиқилган энг мустаҳкам кафолатлар мажмуаси ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, пакет мазмуни очиқланмаяпти, бироқ у Украина хавфсизлигини узоқ муддатли таъминлашга қаратилган аниқ ва тизимли механизмларни ўз ичига олади.
Яна бир манбанинг айтишича, Трамп маъмурияти ушбу кафолатларни Конгресс тасдиғидан ўтказиш орқали уларни сиёсий эмас, институционал мажбурият даражасига кўтаришни мақсад қилган. Бу ёндашув келгуси маъмуриятлар алмашган тақдирда ҳам АҚШнинг Украина олдидаги позицияси сақланиб қолишини таъминлаши мумкин.
CNNʼнинг қайд этишича, Трамп ушбу кафолатлар Россия томонидан ҳам қабул қилиниши мумкин, деб ҳисоблайди. Манбаларга кўра, АҚШ раҳбари Москва билан музокараларда хавфсизлик кафолатларини умумий келишувнинг бир қисми сифатида илгари суриш имкониятига ишонмоқда. Шу билан бирга, Вашингтонда бу масала бўйича ягона консенсус мавжуд эмас.
Таҳлилчилар фикрича, хавфсизлик кафолатларининг Конгресс орқали тасдиқланиши Украина учун НАТОга аъзоликсиз ҳам муайян даражада институционал ҳимоя яратиши мумкин. Бироқ бундай қарор АҚШ ички сиёсий муҳокамаларини кучайтириши, шунингдек, Россия билан муносабатларда янги таранглик босқичини келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.





