add

АҚШ Венесуэланинг вақтинчалик раҳбарига тўрт талаб қўйди

06.01.2026 | 16:552 daqiqa

Вашингтон Делси Родригесдан наркотрафик, нефт ва сайловлар бўйича қатъий қадамлар кутмоқда. Акс ҳолда у ҳам Мадуро тақдирини такрорлаши мумкин.

АҚШ Венесуэланинг вақтинчалик раҳбарига тўрт талаб қўйди

АҚШ маъмурияти Венесуэла вақтинчалик раҳбари Делси Родригесга нисбатан аниқ талаблар рўйхатини шакллантирди. Агар бу шартлар бажарилмаса, у ҳам ҳибсга олинган собиқ президент Николас Мадуро тақдирини такрорлаши мумкин. Бу ҳақда «Politico» нашри АҚШ маъмуриятидаги манбага таяниб хабар бермоқда.

Манбаларга кўра, Доналд Трамп маъмурияти Родригесдан камида тўртта асосий қадамни кутмоқда.

Биринчи талаб — Венесуэлада наркотрафикка қарши курашни кескин кучайтириш. АҚШ томони мамлакат ҳудуди халқаро наркотик каналлари учун транзит марказ бўлиб қолганини хавф сифатида баҳоламоқда.

Иккинчи талаб — АҚШга душман деб ҳисобланган давлатлар ва тармоқларга мансуб шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш. Гап, аввало, Эрон, Куба ҳамда бошқа давлатларнинг махсус хизмат вакиллари ҳақида кетмоқда. Вашингтон Венесуэла ҳудуди АҚШга қарши операциялар учун «бошқарув маркази»га айланишини мутлақо қабул қилмаслигини билдирган.

Учинчи талаб нефт соҳасига тааллуқли. АҚШ Венесуэла нефтининг Америкага қарши давлатларга сотилишини тўхтатишни талаб қилмоқда. Манбаларга кўра, бу талаб бажарилмаса, иқтисодий босим ва санкциялар сақланиб қолади.

Тўртинчи, энг сиёсий жиҳатдан сезгир талаб — Венесуэлада эркин ва адолатли сайловлар ўтказишга кўмаклашиш ва кейинчалик ҳокимиятдан кетиш. АҚШ маъмурияти Родригесни ўтиш даври раҳбари сифатида кўриб, унинг доимий президент бўлиб қолишини истисно қилаётганини очиқ билдирган.

Манбалар таъкидлашича, ушбу талабларни бажариш муддатлари вазиятга қараб ўзгариши мумкин. Бироқ Вашингтон учун асосий мезон — Венесуэладаги ҳокимият АҚШ манфаатларига таҳдид солмаслиги ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid