«Аввал йўл қўйилган хатоларни тузатишга уриниш» — иссиқхоналар кўчирилиши ортидаги асл муаммо нима?
Тошкент атрофидаги иссиқхоналарни Сурхондарёга кўчириш қарори экологик чора сифатида кўрсатилмоқда. Аммо жараён ортида мамлакатда тобора чуқурлашаётган энергетика муаммолари ва газ танқислиги тургани ҳақидаги баҳслар кучаймоқда.

Тошкент шаҳри ва вилояти атрофидаги иссиқхоналарни Сурхондарёга кўчириш қарори бир қарашда экологик ташаббусдек кўринади. Ҳукумат буни ҳавони тозалаш, газ тақчиллигини камайтириш ва иссиқхона хўжаликларини иқлими қулай ҳудудларга жойлаштириш билан изоҳламоқда. Аммо жараённинг ичига чуқурроқ кирилса, бугунги вазият аслида Ўзбекистон энергетика сиёсатидаги йиллар давомида йиғилиб келган муаммолар оқибати эканини кўриш мумкин.
Негаки, бундан атиги бир неча йил олдин давлатнинг ўзи иссиқхона бизнесини агрессив тарзда рағбатлантирган эди. 2018–2019 йилларда мамлакат бўйлаб юзлаб иссиқхоналар ташкил қилинди, имтиёзли кредитлар берилди, янги технологиялар олиб келинди ва энг муҳими — газ билан кафолатли таъминлаш ваъдаси берилди. Натижада Тошкент атрофи катта иссиқхона ҳудудига айланди.

Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналар жойлашуви. Google maps
Бугун эса айнан ўша иссиқхоналар экологик ва энергетик муаммога айланган.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида кўмир ҳамда атмосферага зарарли ёқилғида ишловчи янги иссиқхоналар ташкил этиш тақиқланади. 1 августдан эса ушбу ҳудудлардаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади. Бундан ташқари, иссиқхоналар учун сув тарифлари 5 баробар, ер ва мол-мулк солиқлари эса 10 баробаргача оширилади.
Муаммо иссиқхоналардами ёки газдами?
Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йилдан йилга сезиларли даражада қисқариб бормоқда, қиш мавсумида эса энергетика тизимидаги босим кучайиб кетаётгани тобора яққол сезилмоқда. Айниқса совуқ мавсумда аҳолини газ билан таъминлашнинг ўзи мураккаблашаётган бир пайтда, минглаб гектар иссиқхоналарни узлуксиз ёқилғи билан таъминлаш тизим учун оғир юкка айлана бошлади.
Муаммо шундаки, иссиқхоналар айнан энг совуқ мавсумда энг кўп газ истеъмол қилади. Яъни аҳолига ҳам, иссиқхоналарга ҳам бир вақтнинг ўзида катта ҳажмда газ керак бўладиган паллада тизим босим остида қолади.
Натижада қиш келиши билан деярли ҳар йили бир хил манзара такрорлана бошлади: газ босими тушади, чекловлар кучаяди, иссиқхоналар эса ҳосилни сақлаб қолиш учун альтернатив ёқилғига ўтади.
Қиш мавсумида газ босими тушиши иссиқхона эгалари учун шунчаки техник муаммо эмас. Бу юзлаб миллион сўмлик ҳосилнинг музлаб қолиши, кредитларни ёполмаслик ва мавсумни зарар билан якунлаш хавфини англатади. Шу сабаб кўплаб иссиқхоналар қишда танловсиз қолади: ёки ишлаб чиқаришни тўхтатиш, ёки қўлда нима ёқилғи бўлса, шунга ўтиш.
Аслида бугунги экологик муаммо ҳам айнан шу нуқтадан бошланади.
«Жабрдийда иссиқхона, лекин айбдор ҳам иссиқхона» — Бакиров
Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам «Аввал иқтисод...» дастурида бу мавзуга тўхталиб ўтган эди. Унинг айтишича, иссиқхоналар бугунги экологик муаммонинг бошланғич сабаби эмас, балки энергетика тизимидаги узлуксиз носозликларнинг оқибатига айланган.
«Ҳар йили август ойида иссиқхоналарга газ бўйича кафолат берилади. Шу асосда улар янги мавсумни бошлайди. Кейин эса қиш келганда газ узилади», — дейди у.
Иқтисодчининг айтишича, тизим ҳар йили бир хил сценарийни такрорлаган: аввал тадбиркорларга газ бўйича кафолат берилади, кейин эса айнан энг совуқ мавсумда таъминот узилади. Натижада иссиқхоналар ҳосилни сақлаб қолиш учун кўмир ва бошқа арзон ёқилғиларга ўтишга мажбур бўлган. Бу эса Тошкент ҳавосининг кескин ифлосланишига олиб келган асосий омиллардан бирига айланди.
Бакировга кўра, бугун кўмир ёқаётган иссиқхоналарни танқид қилиш осон, бироқ уларни айнан шу ҳолатга олиб келган тизим деярли муҳокама қилинмаяпти.
«Бу ёқда жабрдийда иссиқхона, лекин айбдор ҳам иссиқхона бўлиб қолади. Газ бераман деб кафолат берган идоралардан эса ҳеч ким ҳисоб сўрамайди», — дейди иқтисодчи.
Бир неча йил олдин иссиқхона бизнеси иқтисодиётнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида кўрилаётганди. Экспорт ошиши, йил давомида ҳосил етиштириш ва ички бозордаги нархларни барқарорлаштириш учун иссиқхоналар фаол қўллаб-қувватланди.
Бакировнинг айтишича, бугунги вазиятнинг парадоксал томони ҳам шунда.
«2018–2019 йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб иссиқхоналар ташкил қилинди. Кредитлар берилди. Газ билан таъминлаймиз деб кафолат берилди. Ўзимиз қўзғатганмиз шу ҳаракатларни», — дейди у.
Аммо орадан бир неча йил ўтиб, энергетика тизими бу юкламани кўтара олмай қолди. Газ тақчиллиги ҳам кучайди. Натижада ҳукуматнинг ўзи илгари рағбатлантирган моделни қисқартиришга мажбур бўляпти. Бу жараён айниқса 2023 йилдан кейин тезлашди. Ўша даврда иссиқхоналарни оммавий равишда кўмирга ўтказиш бошланди. Бу пайтда асосий мақсад ҳосилни сақлаб қолиш ва тизимдаги босимни камайтириш эди. Лекин бунинг экологик оқибатлари ҳақида деярли ўйланмади.
«Ўша пайтда ҳеч ким “кўмирга ўтсак, Тошкент ҳавоси нима бўлади?” деб ўйламаган. Ҳаммаси бугунги кун билан яшаган. Бугунги селектордан эсон-омон тик чиқса, кейинги селекторгача етса, бўлди-да. Яъни, узоқни кўзламаган, нотўғри қарорларнинг оқибати бўлди ўзи ҳаммаси шу», — дейди Бакиров.
Натижада Тошкент қиш мавсумида ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида тилга олинадиган бўлди.
Энди муаммо Сурхондарёга кўчадими?
Ҳукуматнинг иссиқхоналарни Сурхондарёга кўчириш қарори ортида асосан иқтисодий ва энергетик сабаблар бор. Чунки Термиз ва Шеробод йил давомида қуёш энг кўп тушадиган ҳудудлардан ҳисобланади. Бу эса ўсимликлар яхши ўсишига ёрдам беради, сунъий ёритишга эҳтиёжни камайтиради ва энг асосийси — электр харажатларини анча қисқартиради.
Қишнинг нисбатан юмшоқ келиши ҳам иссиқхона бизнеси учун ҳал қилувчи омиллардан бири. Илмий ҳисоб-китобларга кўра, иссиқхонада оптимал +18…+22°C ҳароратни ушлаб туриш харажатлари ҳудуднинг иқлимига бевосита боғлиқ. Масалан, январь ойида Тошкентдаги ўртача ҳарорат +6°C атрофида бўлса, Термизда бу кўрсаткич +10,8°C ни ташкил этади.
Бир қарашда катта фарқдек туюлмайдиган бу тафовут иситиш харажатларида миллионлаб сўмлик тафовутни юзага келтиради. Натижада Тошкент вилоятида 1 тонна маҳсулот етиштириш таннархи 11,9 млн сўмга етса, Сурхондарёда бу кўрсаткич 4,9 млн сўмгача тушади. Бу дегани, Тошкентдаги иссиқхона бир хил маҳсулотни етиштириш учун Сурхондарёдагига қараганда деярли 2,5 баробар кўпроқ харажат қилмоқда.
Аслида ҳукумат айнан шу орқали муаммони ечишга уринмоқда: газ етказиб беришни кўпайтириш орқали эмас, энергияга эҳтиёж камроқ бўлган ҳудудга кўчириш орқали.
Аммо танганинг бошқа томони ҳам бор. Тошкент атрофидаги иссиқхоналар ёпилгани билан бозордаги талаб йўқолмайди. Масалан, помидор ва бодринг барибир етиштирилади, фақат энди юзлаб километр узоқликдан ташиб келинади. Бу эса логистика харажатларини оширади ва айниқса қиш мавсумида нархларнинг янада қимматлашишига олиб келиши мумкин.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, бугунги иссиқхона иқтисодиётида маҳсулотнинг ўзидан кўра энергия қимматроқ омилга айланган.
«Ноябрдан мартгача бодринг эмас, энергия энг қиммат маҳсулотга айланиб қолган», — дейди у.
Бу фикр аслида бутун тизимнинг қанчалик энергетикага боғланиб қолганини кўрсатади. Яъни қишда бозордаги нархни ҳосил эмас, газ ва иситиш харажатлари белгилай бошлайди. Энди эса бу харажатларга логистика ҳам қўшилмоқда.
Бакировнинг фикрича, ҳукумат амалда экология ва тоза ҳаво учун озиқ-овқат қимматроқ бўлиши мумкин бўлган сценарийни танламоқда.
«Экология учун, тоза ҳаво учун помидор ва бодрингнинг янада қиммат бўлишини қабул қиляпмиз», — дейди иқтисодчи.
Тошкент ҳавоси тозаланадими?
Бироқ бу ерда яна бир муҳим савол пайдо бўлади: иссиқхоналарни кўчириш ҳақиқатан ҳам Тошкент ҳавосини сезиларли даражада яхшилайдими?
Сўнгги йилларда пойтахтдаги PM2.5 кўрсаткичлари кескин ошиб кетди. Қиш мавсумида эса Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида бир неча бор халқаро рейтингларда юқори ўринларда қайд этилди. Бу фонида кўмир ёқадиган иссиқхоналар асосий айбдорлардан бири сифатида кўрсатила бошланди.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг VAQT.UZга изоҳлашича, муаммо фақат иссиқхоналарнинг ўзи билан чекланмайди. Аммо кўмир ёқадиган иссиқхоналар ҳаводаги PM2.5 заррачаларининг энг хавфли манбаларидан бири ҳисобланади.
Унинг таъкидлашича, Тошкент атрофида шамол оқимлари нисбатан паст бўлгани учун ифлос ҳаво шаҳар устида тўпланиб қолади. Сурхондарё, айниқса Термиз атрофида эса шамол тезлиги юқори бўлиб, ифлослантирувчи моддаларни тарқатиб юбориш хусусияти кучлироқ.
«Термиз шаҳрида қиш ойларида шамол тезлиги уч метр/секунддан баланд эсади. Икки ярим метр/секунддан юқори шамол тезлиги ифлослантирувчи моддаларни узоқ-узоқларга элтиб кетиш хусусиятини беради. Тошкент атрофида эса бундай шамол оқими йўқ, шунинг учун ифлос ҳаво шаҳар устида тўпланиб қолади», — дейди Абдулаҳатов.
Иқлимшуноснинг фикрича, Сурхондарёнинг асосий устунлиги фақат шамол эмас, балки иқлимнинг ўзи ҳам. Масалан, қиш ойларида Термиздаги об-ҳаво Тошкентнинг март ойига яқин шароитни эслатади. Бу эса иссиқхоналарни иситиш учун кўмир ва бошқа ёқилғиларга бўлган эҳтиёжни кескин камайтиради.
«Термизда ўн кунлаб қаттиқ совуқ кузатилмайди. У ерда нолдан паст ҳарорат узоқ давом этмайди. Шунинг учун энергия самарадорлиги анча юқори ва кўмир ёқиб иситишга эҳтиёж Тошкентга нисбатан анча кам бўлади», — дея тушунтиради у.
Шу билан бирга, у Тошкент ҳавосининг ифлосланишини фақат иссиқхоналар билан боғлаш ҳам нотўғри эканини таъкидлайди. Унинг айтишича, автомобиллар, мазут, қурилиш чанги ва саноат корхоналари ҳам асосий омиллар қаторига киради.
«Вазият битта иссиқхона билан боғлиқ эмас. Машиналар, мазут, қурилиш чанги, саноат корхоналари — буларнинг ҳаммаси таъсир қиляпти. Лекин инсон саломатлиги учун энг хавфли омиллардан бири айнан кўмир ёнишидан чиқадиган PM2.5 заррачалари ҳисобланади», — дейди у.
Мутахассиснинг фикрича, иссиқхоналарни кўчириш ҳаво сифатини маълум даражада яхшилаши мумкин. Бироқ бу Тошкентдаги экологик муаммони тўлиқ ҳал қилиб юбормайди. Чунки ифлосланишнинг бошқа йирик манбалари сақланиб қолмоқда.
Абдулаҳатов яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратади: Тошкент атрофидаги иссиқхоналарни кўмирга ўтказиш муаммоси бир кунда пайдо бўлган эмас. Унинг фикрича, бу хато бир неча йил аввал, иссиқхоналарни пойтахт атрофида оммавий ривожлантириш бошланган пайтдаёқ кўриниб турган эди.
«2022–2023 йиллардаёқ айтилганди: Тошкент перифериясида бундай иссиқхона моделини ривожлантириш кейинчалик экологик коллапсга олиб келиши мумкин. Чунки эртами-кечми газ етишмайди ва барибир кўмирга ўтилади», — дейди у.
«Ўша пайтда ҳамма тезроқ ҳосил олиш, экспорт қилиш ва бозорни тўлдириш ҳақида ўйлади. Лекин кейинчалик бу иссиқхоналарни нима билан иситамиз, қишда газ бўлмаса нима бўлади, деган саволларга жиддий қаралмади», — дея таъкидлайди Абдулаҳатов.
Унинг фикрича, бугунги қарор аслида аввал йўл қўйилган хатони тузатишга уриниш ҳам ҳисобланади. Чунки Тошкент атрофида юзлаб иссиқхоналарнинг кўмирга ўтиши нафақат ҳаво сифатига, балки аҳоли саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатган.
«Кўмир ёнишидан чиқадиган PM2.5 заррачалари инсоннинг ўпкасига, қонига ва ҳатто миясигача таъсир қилади. Бу оддий экологик муаммо эмас», — дейди иқлимшунос.
Шу маънода, Тошкент атрофидаги иссиқхоналарни кўчириш экологик муаммонинг тўлиқ ечими эмас, балки энергетика ва шаҳар экологияси ўртасидаги мувозанатни қайта тиклашга қилинган кечиккан уриниш сифатида кўрилмоқда.
Яшил ҳудудлар қайтадими?
Қарордаги энг қизиқ жиҳатлардан бири — иссиқхоналар бўшатадиган ҳудудларда капитал қурилиш тақиқланаётганидир. Ҳукумат бу ерларда боғдорчилик, узумчилик ва яшил ҳудудларни сақлаб қолишни режалаштирмоқда.
Чунки Зангиота, Қибрай ва Тошкент тумани атрофидаги иссиқхона ҳудудлари қурилиш компаниялари учун энг жозибадор ерлардан бири ҳисобланади. Айниқса пойтахт кенгайиб бораётган бир пайтда бу ҳудудларнинг қиймати янада ошмоқда.
Шу сабаб жамиятда табиий савол пайдо бўляпти: бугунги иссиқхоналар ўрнида эртага янги турар жой массивлари пайдо бўлмайдими?
Агар қарордаги чекловлар сақланиб қолса, Тошкент атрофи қисман бўлса-да яна яшил ҳудудларга айланиши мумкин. Акс ҳолда эса экологияни яхшилаш учун бошланган жараён янги қурилишлар босқичига ўтиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.
Бир пайтлар давлатнинг ўзи рағбатлантирган иссиқхоналар бугун энергетика тизими кўтара олмайдиган юкка айланмоқда. Тошкент атрофидаги иссиқхоналарни кўчириш қарори эса экологик чорадан кўра кўпроқ мамлакатдаги энергетика муаммолари тобора чуқурлашиб бораётганини кўрсатмоқда.
Teglar






