
Баҳодир Тошматов Миллий гвардияга қўмондон бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Баҳодир Ҳамидович Тошматов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Баҳодир Ҳамидович Тошматов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Янги тайинлов муносабати билан Баҳодир Тошматов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимидан озод этилди. Қайд этиш жоиз, у 2025 йил июл ойидан бери ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди.
Маълумот учун, Тошматов (1964 йилда туғилган) Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Ўзбекистон Қуролли кучлари академияси, Россия Қуролли кучлари бош штаби ҳарбий академиясининг Олий академик курсларини, шунингдек, Фарғона давлат университетини тамомлаган. Ҳарбий фанлар фалсафа доктори, доцент.
У Туркистон ҳарбий округи қўшинларида қўмондонлик штабининг турли лавозимларида хизмат қилган. 1992−1999 йилларда Мудофаа вазирлигининг раҳбар лавозимларида ишлаган, 1999−2008 йилларда Мудофаа вазирлигининг ҳарбий округлари қўшинларига қўмондонлик қилган.
2008 йилдан бери у мудофаа вазири ўринбосари ва биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби, Миллий гвардия қўмондони, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Қуролли кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2020 йилдан бери Миллий гвардия қўмондони лавозимида ишлаб келаётган Рустам Жўраев эса лавозимидан озод этилди. У нима сабабдан ишдан олингани ёки қайси ишга ўтгани ҳозирча маълум эмас.





