
Банклар ижтимоий тармоқларда: 2025 йилда кимлар етакчи бўлди?
Ўзбекистон банкларини ижтимоий тармоқларда умумий 2,8 млн нафардан ошиқ обуначи кузатмоқда.

SNS Ratings агентлиги 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон банкларининг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти ҳақида ҳисоботни тақдим қилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, банкларнинг барча ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 2 млн 826 мингтадан ошиқ. Instagram энг фаол тармоқ бўлиб турибди.

Умумий обуначилар сони бўйича “ТБC Банк” етакчилик қилмоқда. Ҳисоботда ҳар бир банк ва ижтимоий тармоқ кесимида алоҳида маълумот билан танишиш мумкин.
Telegram’да энг кўп обуначига эга банк “Узум банк” бўлиб турибди. Банкни бу ерда 140 мингдан ошиқ обуначи кузатади. “Халқ банки” ва “Агробанк” кучли учликдан жой олди.

2025 йилнинг III чорагида банкларнинг Telegram’даги обуначилари сони сезиларли ўсишни бошлаган. Йил бошида 450 минг атрофида обуначи бор бўлган бўлса, йил охирига келиб бу кўрсаткич 700 мингдан ошган.
“ТБC Банк” Instagram'да 190 мингдан ошиқ обуначига эга ва бу борада биринчи ўринни эгаллаб турибди. Кейинги ўринларда “Анорбанк” ва “Асакабанк” бормоқда.
Бундан ташқари, Facebook'да кучли учликда “Капиталбанк”, “Ҳамкорбанк” ва “Ипак йўли банки” жой олган. Бу ерда ҳам сўнгги ойларда банкларнинг обуначилари сони сезиларли кўпайган.
YouTube'да “Агробанк” яққол етакчилик қилмоқда. Банкни бу ижтимоий тармоқда 90 мингдан ошиқ фойдаланувчи кузатади. Кучли учликни “ТБC Банк” ва “Туронбанк” якунлаб берди. YouTube'да банкларнинг обуначилари барқарор ўсиб бормоқда.
LinkedIn платформасида “ТБC Банк” энг кўп обуначига эга. Банкни 16 минг атрофида одам кузатади. “Анорбанк” ва “Ипотекабанк” кучли учликда.
LinkedIn’да банклар асосан инглиз тилида ахборот тақдим қилади. Бу ерда HR департаментлар ходимлар қидиришда ҳам фаол бўлади.
Teglar






