«Binance» Европа назоратига тушди
Европа Иттифоқи регуляторлари лицензияси бўлмаган ҳолда ҳудудда фаолият юритаётган «Binance» криптобиржасидан изоҳ сўрамоқда.

Европа Иттифоқи расмийлари дунёдаги энг йирик криптобиржалардан бири — «Binance»нинг ЕИдаги фаолиятини текширмоқда. Бу ҳақда Reuters «Financial Times» хабарига таяниб маълум қилди.
Гап «Binance»нинг Европа Иттифоқида криптохизматлар кўрсатишни давом эттираётгани ҳақида кетмоқда. Компаниянинг янги MiCA қоидалари асосида лицензия олиш бўйича аризаси рад этилганидан кейин ЕИдаги фаолиятини қисқартириши керак эди.
Янги қоидаларга кўра, крипто компаниялари 2026 йил июнь охирига қадар тегишли лицензияни олиши керак бўлган. Лицензиясиз компаниялар июль ойидан бошлаб Европа Иттифоқидаги фаолиятини тартибли равишда тугатиш чораларини кўриши лозим эди.
«Binance» қандай асосдан фойдаланмоқда?
Регуляторлар «Binance»нинг «reverse solicitation» деб аталадиган ҳуқуқий истиснодан фойдаланаётганини ўрганмоқда.
Ушбу механизмга кўра, Европа Иттифоқидан ташқаридаги молиявий компаниялар мижознинг ташаббуси билан хизмат сўралган ҳолатларда ЕИ ҳудудидаги фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиши мумкин.
Бироқ Европа қимматли қоғозлар ва бозорлар бошқармаси — ESMA бу истисно жуда тор доирада қўлланиши кераклигини билдирган. Регуляторга кўра, ундан MiCA талабларини четлаб ўтиш учун фойдаланиш мумкин эмас.
Айрим Европа регуляторлари «Binance»дан қўшимча маълумот сўраган. Агар компаниянинг жавоблари уларни қаноатлантирмаса, жарима каби чоралар қўлланиши мумкин.
«Binance» нима деди?
«Binance» ўз фаолияти юритадиган юрисдикцияларда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилишини билдирди.
Компания, шунингдек, MiCA лицензиясини олиш устида ишлаётганини маълум қилди.
«Binance» аввал ҳам Европа Иттифоқида қолиш ва янги лицензия олиш йўлини излашини билдирган эди. Компаниянинг Европа бўйича раҳбари Гиллиан Линч июнь ойида «Binance Европадан кетмаяпти» деган эди.





