Logo

АҚШнинг йирик банкларида кенг кўламли техник узилишлар юз берди

Bugun 15:352 daqiqa

Бир қатор йирик банклар мижозлари ҳисобварақларидаги маблағларни кўриш ва пул ўтказмаларини амалга оширишда қийинчиликларга дуч келаётганини билдиришди.

АҚШнинг йирик банкларида кенг кўламли техник узилишлар юз берди © AP

16-ноябр куни JPMorgan Chase банкидаги дастурий таъминот хатолиги бутун АҚШ молия тизими бўйлаб муаммоларни келтириб чиқарди. Оқибатда минглаб мижозлар бир нечта йирик банклар ва Зелле пул ўтказмалари сервисида ўз онлайн-аккаунтларидан фойдаланиш ва транзаксияларни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келишди.

Downdetector сервиси маълумотларига кўра, носозликлардан JPMorgan Chase, шунингдек, Bank of America, Wells Fargo, Capital Onе ва Citibank мижозлари жабр кўрган.

Энг кўп шикоятлар — 4,5 мингдан ортиғи Chase иши устидан тушган бўлиб, мурожаатларнинг қарийб ярми транзаксиялар ва аккаунт балансини кўрсатишдаги хатоликларга тегишли. JPMorgan Chase бу ҳолат киберҳужум эмаслигини, балки ички аппарат тизимларига таъсир кўрсатган дастурий хатолик эканлигини тасдиқлади. Ўз навбатида, Wells Fargo ҳам онлайн-банкинг вақтинча ишламаётганини маълум қилган.

Муаммонинг бошқа банкларга таъсири

Бошқа банкларда хизмат кўрсатиш билан боғлиқ мустақил муаммолар кузатилмаган бўлса-да, Chase билан амалга оширилган транзаксиялар секинлашган.

Chase банки вакили Жо Эвангелисти ҳолатга шундай изоҳ берди: «Бошқа банкларга транзаксияларнинг секинлашиши фақатгина улар биз билан транзаксияда иштирок этган тақдирдагина таъсир қилган бўлиши мумкин».

Шу билан бирга, Chase банкининг айрим мижозларига қуйидаги мазмундаги хабар кўрсатилган: «Баъзи хизматлар мавжуд эмас. Биз улар устида ишламоқдамиз. Илтимос, кейинроқ қайта уриниб кўринг».

Зелле тармоғи эгаси бўлган Early Warning Services компанияси вакили тизим тўлиқ ишчи ҳолатда эканини маълум қилди. Бироқ бошқа банк мижозлари Chase мижозлари иштирокидаги Зелле тўловларини юбориш ёки қабул қилишда кечикишларга дуч келишган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеалар ўтган ҳафтада АҚШда юз берган иккита йирик носозлик — ўнлаб мамлакатларда Microsoft сервисларининг тўхтаб қолиши ҳамда АҚШда фуқаролик авиақатновларининг бир неча соатга кечиктирилиши ортидан содир бўлмоқда.

Teglar

Mavzuga oid