Кембриж луғати 2026 йил сўзини эълон қилди
Кембриж луғати (Cambridge Dictionary) 2026 йилнинг энг асосий сўзи сифатида «human» (инсон) сўзини танлади. Мутахассисларнинг тушунтиришича, сунъий интеллект жадал ривожланаётган бугунги кунда одамлар айнан инсон қўли билан яратилган нарсаларни ва табиийликни кўпроқ қадрлай бошлаган.
© Ijtimoiy tarmoqlarКембриж луғати 2026 йилнинг энг оммалашган сўзи сифатида «human» (инсон) сўзини танлади. Бунга сунъий интеллектнинг (СИ) кенг тарқалиши фонида жамиятда инсон омилига ва табиийликка бўлган эҳтиёжнинг ортиши сабаб бўлган.
Луғатнинг расмий саҳифасида қайд этилишича, тарих давомида «human» сифати одамларни ҳайвонлар ёки машиналардан ажратиб кўрсатиш учун ишлатилган бўлса, энди у бирор маҳсулот ёки асарнинг сунъий интеллект эмас, балки айнан инсон томонидан яратилганини англатмоқда.
Май ойида Калифорния университети (Сан-Диего) тадқиқотчилари СИ тизимлари Тьюринг тестидан ўтганини кўрсатувчи илк эмпирик далилларни эълон қилган эди. Унда GPT-4.5 билан 15 дақиқалик матнли ёзишмаларнинг 73 фоизида СИ «одам» деб баҳоланган.
Сўнгги йилларда компаниялар ўз маҳсулотларида сунъий интеллектдан фойдаланганини очиқ айтишга одатланган эди. Бироқ 2026 йилга келиб вазият бутунлай ўзгарди: эндиликда контент ёки маҳсулот айнан инсон томонидан яратилганини алоҳида таъкидлаш асосий трендга айланди.
«Forbes» ва «Ogilvy» каби йирик компаниялар бизнес ва медиа оламида «human premium» (инсон меҳнатининг юқори қадрланиши) тушунчаси оммалашаётганини қайд этди. «Economic Times» нашри эса бу жараённи «Инсон қўли билан яратилган нарсалар — бу янги органик маҳсулотдир» дея таърифлади. Яъни, бозорда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайиб кетгани сари, инсон меҳнати, унинг эътибори ва ҳатто ижоддаги табиий камчиликлар ҳам ҳақиқийлик белгиси сифатида янада қадрланмоқда.
Янги атамалар: «humanmaxxing» ва «friction-maxxing»
Жорий йилда луғатга инсон табиати билан боғлиқ иккита янги атама киритилди. Тадбиркор Кристиан Ангермайер томонидан ўйлаб топилган «humanmaxxing» сўзи — фитнес-трекерлар ва турли қўшимчалар ёрдамида инсоннинг жисмоний имкониятларини, саломатлиги ҳамда умрини максимал даражага кўтариш амалиётини англатади.
Иккинчи атама — «friction-maxxing» эса рақамли қарамликдан қутулиш мақсадида кундалик юмушларни атайлаб қийинроқ (ёки ноқулайроқ) усулда бажаришни билдиради.
Масалан, қайси ресторанга боришни сунъий интеллект алгоритмларидан эмас, дўстлардан сўраш ёки қайдлар ёзиш учун телефон иловаларидан воз кечиб, оддий қоғоз ва ручкадан фойдаланиш. Бу орқали одамлар технологияларга тобеликни камайтиришга интилмоқда.
Спорт ва кўнгилочар саноатнинг сунъий интеллектга қарши кураши
2026 йилда спорт ва кўнгилочар саноат вакиллари ҳам сунъий интеллектга қарши жиддий кураш олиб борди.
Хусусан, ФИФА Жаҳон чемпионатида футболчиларнинг рақамли тана сканлари орқали яратилган СИ-аватарлари видео-ҳакамлар (VAR) тизимида қўлланилди.
Бу технология инсон хатосини камайтирган бўлса-да, мухлислар ўйиндаги ҳақиқий «инсоний табиийлик ва жўшқинлик» йўқолганини кескин танқид қилишди.
Шунингдек, маданият ва санъат соҳасида ҳам қатор чекловлар ўрнатилди:
• Март ойида Элтон Жон ва Кейт Буш каби машҳур санъаткорларнинг кескин қаршилиги ортидан, Буюк Британия ҳукумати СИ компанияларига муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган материаллардан рухсатсиз фойдаланишга имкон берувчи режаларини бекор қилди.
• Апрель ойида «Jazz Is Dead» компанияси мусиқанинг сунъий интеллект эмас, балки одамлар томонидан яратилганини тасдиқловчи «Played By Humans» (Инсонлар ижросида) ташаббусини ишга туширди.
• АҚШ Киноакадемияси эса «Оскар» мукофотига даъвогарлик қилиш учун фильмдаги роллар айнан инсонлар томонидан ижро этилиши ва сценарийлар тўлиқ одамлар томонидан ёзилиши шартлигини қатъий белгилаб қўйди.
Экзистенциал хавф: Сунъий интеллект инсониятга таҳдидми?
Йил давомида сунъий интеллектнинг инсоният келажагига таҳдиди ҳақидаги баҳс-мунозаралар янада кучайди.
Сентябрь ойида «Anthropic» компанияси тадқиқотчиси Жейкоб Коксон СИнинг инсониятни йўқ қилиб юбориш хавфидан жиддий хавотирга тушиб, ўз лавозимини тарк этди.
Сунъий интеллектнинг «отаси» саналган таниқли олим Жеффри Хинтон эса яқин ўн йил ичида СИ инсониятни йўқ қилиш эҳтимолини 10 фоизга баҳолади.
Вазиятнинг нақадар жиддийлигини июль ойида 700 та «OpenAI» агентлари «Hugging Face» компаниясига киберҳужум уюштиргани ҳам кўрсатиб турибди.
«Сунъий интеллект сўнгги йилларда ҳаётимизга аста-секин кириб келаётган эди, аммо бу йил у том маънода ҳамма жойни эгаллади. Айнан шу ҳолат бизни ҳаётимиздаги инсон омили ва унинг қадрини қайта кўриб чиқишга ундади», - деди Кембриж луғати бош муҳаррири Колин Макинтош.





