Logo

«Бизга нима кераги бор?» — Алишер Қодиров Тошкентдаги маданий мерос объекти муҳофазасига эътироз билдирди

Bugun 18:414 daqiqa

Бобур кўчаси, 7-уйда жойлашган ва 1935 йилда қурилган тарихий бинонинг тақдири муҳокамалар марказига тушди. «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров меъмор Алексей Шчусев номи билан боғлиқ ушбу объектни маданий мерос сифатида муҳофаза қилишга эътироз билдирди. Маданий мерос агентлиги эса депутатга расмий жавоб қайтариб, бинонинг тарихий қийматини ҳимоя қилиб чиқди.

«Бизга нима кераги бор?» — Алишер Қодиров Тошкентдаги маданий мерос объекти муҳофазасига эътироз билдирди

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси, Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров ўз чиқишида Тошкент марказидаги эски бинолардан бири маданий мерос сифатида муҳофаза қилинаётганига эътироз билдирди. Депутат ўз нутқида бинодан ким фойдалангани ва унинг миллий маданият учун қандай аҳамиятга эга экани масаласини кўтарди.

«Тошкент шаҳрини ўртасида битта эски қанақадир бузиб ташласа ҳам бўладиган бинони, маданий мерос сифатида атрофини қўриқлаб, бутун судга бериб, жанжаллашиб, тўполонлашиб ётилибди. Ҳеч кимга керак эмас, бир рус рассомини қанақадир уйи экан у. Олиб кетиши керак уни. Бизга нима кераги бор уни? У бизга қанақа қадрияти бор уни, маданий мерос сифатида? Қанақа аҳамияти бор? Шоҳи Зиндани олдида мингдан бирига тўғри келадими? Ким рассом бўлишидан қатъий назар» — деди Қодиров.


У, шунингдек, маданий мерос объектларини муҳофаза қилишда миллий маданиятга устувор эътибор қаратилиши кераклигини билдирди.

«Агентлик умум инсоний қадриятлар агентлиги эмас, миллий маданиятимиз агентлиги. Агентлик биринчи ўринда миллий маданиятимизга диққатини, эътиборини қаратиши керак. Биз бюджет маблағларини сизларга кўпроқ ажратилсин деяётган пайтимизда, миллий маданиятимизни ҳимоя қилишинглар учун ажратишимизни сўраяпмиз. Яъни, ҳамма нарсани ҳам эмас», — деди депутат.


Қодиров ўз нутқида гап қайси объект ҳақида кетаётганини аниқ манзил билан айтмаган. Бироқ 16 сентябр куни Маданий мерос агентлиги ижтимоий тармоқларда Қодировнинг агентликка билдирган эътирозлари муҳокама қилингани муносабати билан расмий муносабат эълон қилди. Унда айнан Тошкент шаҳри, Бобур кўчаси, 7-уйда жойлашган бино ҳақида сўз бораётгани кўрсатилган.

Бобур кўчаси, 7-уйда қандай бино жойлашган?

Агентлик маълумотига кўра, Бобур кўчаси, 7-уйдаги бино 1935 йилда қурилган ва ҳозирда моддий маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасида.

Очиқ тарихий ва эксперт материалларида бино Тошкентда фаолият юритган меъмор Алексей Шчусев номи билан боғлиқ экани қайд этилган.

Агентликнинг таъкидлашича, бино тарихи фақат унинг меъмори билан чекланмайди. Турли йилларда бу ерда академиклар Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий, Василий Шишкин, шунингдек, олим ва мутахассислар Раҳим Атажонов ҳамда Натан Маллаев яшаган.

Шу сабабли Агентлик бинони оддий эски турар жой сифатида эмас, балки XX асрда Тошкент меъморлиги, илм-фани ва шаҳар маданияти ривожи билан боғлиқ объект сифатида баҳоламоқда.

Бинони бузиш режаси қачон пайдо бўлган?

Бобур кўчасидаги бинонинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ яна бир муҳим ҳолат бор.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 октябрдаги 1550-сон қарори билан «UNIVERSAL PACKING MASTERS» МЧЖга мазкур манзилдаги турар ва нотурар биноларни бузиш ҳамда ҳудудда кўп қаватли турар жой қуриш учун ер майдони ажратилган.

Агентлик ўрганишларига кўра, ушбу қарор бинонинг моддий маданий мерос объекти сифатидаги ҳуқуқий мақоми белгиланишидан аввал қабул қилинган.

2020 йилда эса Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши бинога моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритишни маъқуллаган.

2021 йилда объектни Миллий рўйхатдан чиқариш таклифи рад этилган.

Шунинг учун ҳозирда бино давлат муҳофазасида турибди.

Агентлик нима деди?

Агентлик Қодировнинг «Бизга нима кераги бор?» мазмунидаги саволига жавоб берар экан, маданий мерос объектини бугун жамиятга «керак» ёки «керак эмаслиги» мезони билан баҳолаб бўлмаслигини билдирди.
Идоранинг позициясига кўра, маданий мероснинг қиймати унинг тарихий ва маданий аҳамияти, илмий экспертиза ҳамда қонунчилик асосида белгиланиши керак.
Агентлик, шунингдек, маданий меросни асраш масаласини миллий қарама-қаршилик мавзусига айлантириш мумкинлигидан хавотир билдирган.

«Маданий мерос — умумий тарихимизнинг бир қисми. У бир миллатга тегишли эмас ва у билан боғлиқ инсоннинг келиб чиқиши туфайли “бегона” бўлиб қолмайди», — дейилади расмий муносабатда.


Агентликка кўра, Тошкент тарихини турли меъморий мактаблар, илмий анъаналар ва шаҳар қиёфасини шакллантирган турли маданиятлардан ажратиб бўлмайди.
Шу нуқтайи назардан идора масалани «бу уй бизга нима учун керак?» деган саволдан кўра, объектнинг тарихий ва маданий қиймати ҳамда уни қонун талаблари асосида қандай сақлаб қолиш мумкинлиги нуқтайи назаридан қўйиш лозимлигини таъкидлаган.

Масала ҳали очиқ

Бинонинг келгуси тақдири бўйича ҳуқуқий жараён ҳам давом этмоқда.

Маданий мерос агентлиги аввалроқ мазкур объектни сақлаш масаласи юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилган. Унда 2018 йилдаги ҳоким қарори қонунчилик, жумладан, маданий меросни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.

Агентлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, қарорни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш бўйича чоралар кўрилишини ҳам сўраган.

Ҳозирча Бобур кўчаси, 7-уйдаги объект давлат муҳофазасида қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid