Logo

БМТ Ироилнинг геноцид уруши бўйича ҳисобот эълон қилди

Тергов маълумотларига кўра, Исроил ҳукумати ва хавфсизлик кучлари атайлаб фаластинлик болаларни нишонга олмоқда.

БМТ Ироилнинг геноцид уруши бўйича ҳисобот эълон қилди

БМТнинг халқаро комиссияси Исроилни фаластинликларни геноцид қилишда айбловчи ҳисоботни эълон қилди. Бу ҳақда «Reuters» ахборот агентлиги хабар берди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида болаларни қасддан нишонга олмоқда. Бундай ҳаракатлар инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари ҳисобланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, бу каби ҳужумлар оммавий ва тизимли амалга оширилган. Оқибатда вояга етмаганлар орасида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони мисли кўрилмаган даражага етган.

БМТ терговчиларига кўра, болаларнинг нишонга олиниши Исроилнинг фаластинликларни қисман ёки бутунлай йўқ қилиш мақсадидан далолат беради. Халқаро ҳуқуққа кўра, бу геноциднинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади.

Болалар энг кўп нишонга олинмоқда

Оғир жароҳатлар, ота-онасидан жудо бўлиш, очлик, шунингдек, мактаб ва шифохоналарнинг вайрон этилиши минглаб ғазоликларнинг болалигини барбод қилмоқда. Ушбу жароҳатларнинг асоратлари жабрланган болаларнинг бутун умри давомида ўз таъсирини кўрсатади. Одатий ҳаётни қайта тиклаш учун эса йиллар талаб этилади.

Ҳисоботда келтирилишича, Ғазодаги урушда ҳалок бўлганларнинг қарийб 30 фоизини болалар ташкил қилган. Аниқроғи, 2023 йил октабридан 2025 йил октабригача бўлган давр ичида 20 мингдан ортиқ бола қурбон бўлган.

Исроил рад этди

Исроил томони комиссия хулосаларини рад этди. БМТдаги Исроил миссияси армия тинч аҳолига етадиган талафотни камайтириш учун зарур чоралар кўраётганини даъво қилди.

Бундан ташқари, ҳисоботда Исроилга нисбатан Ғарбий соҳилдаги вазият бўйича ҳам айбловлар илгари сурилган. Жумладан, фаластинлик болаларга нисбатан зўравонлик қилиш ва ҳибсга олинган вояга етмаганларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари кескин қораланган.

Teglar

Mavzuga oid