БМТ ОИВ эпидемияси кучайиши мумкинлигидан огоҳлантирди
Ташкилот 2030 йилгача мақсадларга эришиш учун миллиардлаб доллар етишмаётганини айтмоқда.

БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастури — «UNAIDS» халқаро молиялаштиришнинг қисқариши ОИВ эпидемиясининг янги тўлқинига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда ташкилотнинг махсус ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда даромади ўртача ва паст бўлган мамлакатларда ОИВга қарши курашни халқаро молиялаштириш 1,6 миллиард долларга, яъни 18 фоизга қисқарган.
«UNAIDS» буни сўнгги қарийб йигирма йил ичидаги энг катта пасайиш деб баҳолаган.
Натижада ички маблағлар билан бирга умумий молиялаштириш ҳажми 18,8 миллиард доллардан 17,6 миллиард долларга тушиб кетган.
4,3 миллиард доллар етмаяпти
Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилгача белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳар йили 21,9 миллиард доллар ажратилиши лозим.
Ҳозирги шароитда мавжуд маблағлар билан эҳтиёж ўртасидаги фарқ 4,3 миллиард долларни ташкил этмоқда.
2025 йилда умумий молиялаштиришнинг 59 фоизи мамлакатларнинг ички манбалари ҳиссасига тўғри келган.
«UNAIDS» халқаро ёрдамнинг камайишини асосан АҚШ томонидан молиялаштириш қисқаргани билан изоҳлаган. Шу билан бирга, донор давлатлар томонидан ОИВга қарши кураш учун ажратиладиган маблағларнинг 74 фоизи ҳамон Вашингтон ҳиссасига тўғри келади.
9 миллион беморда даволаниш имконияти йўқ
Ҳисоботда таъкидланишича, молиялаштиришнинг қисқариши тиббий хизматлар, дори-дармонлар етказиб бериш ва жамоат ташкилотлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатган.
2025 йилда дунё бўйича янги ОИВ ҳолатлари 1,2 миллионгача камайган бўлса-да, 40,9 миллион нафар ОИВ билан яшаётган одамнинг қарийб 9 миллиони даволаниш имкониятига эга эмас.
