Буюк Британияда «Маша ва Айиқ» мултфилми Россиянинг «юмшоқ кучи» сифатида баҳоланмоқда
Депутатлар мазкур мултфилмни ёш болалар онгига таъсир қилувчи, совет ҳарбий рамзларини нормаллаштирувчи яширин ташвиқот воситаси деб ҳисоблаган.

Буюк Британия парламентидаги турли партиялар вакилларидан иборат депутатлар гуруҳи мамлакат стриминг платформаларида «Маша ва Айиқ» мултфильмининг трансляциясини тўхтатиш ташаббуси билан чиқди. Улар мазкур анимацион сериални Россиянинг «юмшоқ кучи» ва ташвиқот воситаси деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда «The Guardian» нашри хабар берди.
Маданият вазири Лиза Нанди номига йўлланган ва 50 дан ортиқ депутат имзолаган мурожаатномада тўрт ёшли Машанинг айрим хатти-ҳаракатларида очиқ ташвиқот мазмуни борлиги айтилади. Депутатлар қаҳрамоннинг совет даври ҳарбийлари ва НКВД чегарачилари бош кийимида намоён бўлишини ёш болалар аудиторияси учун совет ҳарбий рамзларини «нормаллаштириш» сифатида баҳолаган. Ҳозирда ушбу сериал Netflix платформаси ва ITV'нинг рақамли канали бўлган ITVX орқали намойиш этилмоқда.
Ишлаб чиқарувчиларнинг муносабати
Бунга қадар Украинанинг Дезинформацияга қарши курашиш маркази ва Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна ҳам мултфилмни Кремлнинг милитаристик ғояларини сингдирувчи қурол сифатида танқид қилган эди.
«Animaccord» студияси эса ушбу айбловларни қатъиян рад этди. Студия вакили Мелани Бонвичинонинг сўзларига кўра, лойиҳа ҳеч қандай сиёсий хабар ташимайди ва давлат томонидан молиялаштирилмайдиган тўлиқ хусусий бизнес ҳисобланади.
Буюк Британиянинг Маданият, медиа ва спорт ишлари бўйича департаменти ҳамда ITV ҳозирча бу масала юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.



