Logo

CLiCA дастури бўйича Ўзбекистонга 103,7 млн евро ажратилади

Bugun 17:572 daqiqa

7 йилга мўлжалланган ушбу дастурни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларнинг умумий ҳажми 264,4 млн еврони ташкил этади. COP31 конференциясида бу пуллар нималарга йўналтирилиши айтилди.

CLiCA дастури бўйича Ўзбекистонга 103,7 млн евро ажратилади

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳамкорлигида халқаро шериклар кўмагида ишлаб чиқилган «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар» (CLiCA) минтақавий дастурига умумий ҳисобда 264,4 миллион евро ажратилади, шундан 103,7 миллион евро Ўзбекистон учун мўлжалланган. Бу ҳақда Туркияда бўлиб ўтган Иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича Жаҳон саммитининг очилиш маросимида айтилди.

Амалий ташриф билан Туркияда бўлган президент Шавкат Мирзиёев ҳам унда иштирок этди. Айтилишича, маблағлар ўрмонлар ва яйловларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши шароитида барқарор ёндашувларни жорий этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг иқлим ўзгаришига мослашиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон глобал иқлим кун тартиби доирасида зиммасига олган мажбуриятларни изчил бажариб келаётгани айтилди. Хусусан, 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 2010 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 50 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

COP31 конференцияси 9-ноябр куни бошланган ва 20-ноябрга қадар давом этади. Унда давлатлар, халқаро ташкилотлар, ишбилармон ва илмий доиралар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда. Париж битимини ҳаётга татбиқ қилиш, ҳавога иссиқхона газларини чиқаришни қисқартириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, иқлим молияси қамровини кенгайтириш ҳамда «яшил иқтисодиёт»га ўтиш жараёнини жадаллаштириш масалалари диққат марказида бўлади.

Сув ресурслари тақчиллиги, тупроқнинг таназзулга учраши, музликлар эриши, қурғоқчилик ва глобал исишнинг бошқа оқибатлари кучайиб бораётган шароитда бу масалалар Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Оролни қутқариш учун 3,3 миллиард долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида ёзган эдик.

Teglar