Дунёдаги энг қиммат авиакомпаниялар қайси?
Энг қиммат авиакомпания ҳар куни 5400 дан ортиқ рейсни амалга оширади ва унинг бозор капиталлашуви 58,5 миллиард долларга тенг.
© Shutterstock«Delta Air Lines» дунёдаги энг қиммат авиакомпания ҳисобланади. 2026-йил июл ойида унинг бозор капиталлашуви 58,5 миллиард долларга етди — бу энг яқин рақиби «United Airlines»никидан 18 миллиард доллардан кўпроқ юқори. Бу ҳақда «CompaniesMarketCap» маълумотларида келтирилган.
1925-йилда ташкил этилган «Delta» компаниясининг бош қароргоҳи Атланта шаҳрида жойлашган. У ҳар куни 5400 дан ортиқ рейсни амалга оширади ва «SkyTeam» алянсининг асосчиларидан бири ҳисобланади. АҚШнинг «катта учлиги» авиакомпаниялари орасида компаниялар қиймати ўртасидаги фарқ жуда катта. «United Airlines» 40,1 миллиард долларлик капиталлашув билан дунёда иккинчи ўринда туради, «American Airlines» эса атиги 10,1 миллиард долларга баҳоланган — бу «Delta» қийматининг бешдан бир қисмидан ҳам кам.
«American Airlines» анъанавий рақибларидан пастроқ рентабеллик ва юқорироқ қарздорлик сабабли ортда қолмоқда. Бозор қиймати 22,3 миллиард доллар бўлган «Southwest Airlines» эса «American Airlines»дан икки баравардан кўпроқ қиммат, гарчи у фақат Шимолий Америка ҳудудида парвозларни амалга оширса ҳам. «Ryanair» АҚШдан ташқаридаги энг қиммат авиакомпанияга айланди.

31,1 миллиард долларлик капиталлашувга эга Ирландиянинг ултра-арзон авиакомпанияси дунё рейтингида учинчи ўринни эгаллаб, IAG ва «Lufthansa» каби йирик авиация гуруҳларини ортда қолдирди. Бош қароргоҳи Дублин шаҳрида жойлашган авиакомпания бошқа Европа ташувчиларига қараганда кўпроқ йўловчи ташийди ва кўпроқ рейсларни амалга оширади. «Ryanair» бизнес модели паст базавий тарифларга асосланган бўлиб, багаж ташиш ва ўриндиқ танлаш каби қўшимча хизматлар учун йўловчилар алоҳида ҳақ тўлайди.
Дунёдаги энг қиммат бешта авиакомпаниянинг барчаси АҚШ ёки Европада жойлашган, бироқ Осиё авиакомпаниялари рейтингдаги 20 та ўриндан 10 тасини эгаллаган. Минтақада Ҳиндистоннинг «IndiGo» авиакомпанияси 21,1 миллиард долларлик капиталлашув билан етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда «Air China» — 18,8 миллиард доллар ва «Singapore Airlines» — 18,7 миллиард доллар туради.
Биринчи йигирматаликка Хитойнинг бирданига тўртта авиакомпанияси кирди. Уларнинг умумий бозор капиталлашуви 53 миллиард доллардан ошади. Рейтингда Гонконг, Япония, Сингапур ва Тайвань авиакомпаниялари ҳам бор. Бу эса Осиёдаги энг йирик авиация бозорининг кўлами ва хилма-хиллигини кўрсатади. «LATAM Airlines» ва «Qantas» мос равишда Жанубий Америка ва Океаниянинг биринчи йигирматаликдаги ягона вакиллари ҳисобланади.





