Logo

Электр ва газ тармоғига қайта уланиш учун қўшимча тўлов бекор қилинди

Bugun 20:232 daqiqa

Ўзбекистонда қарздорлиги сабаб электр ёки газдан узилган истеъмолчиларни қайта улаш учун олинадиган 880 минг ва 4,4 млн сўмлик тўловлар энди талаб қилинмайди.

Электр ва газ тармоғига қайта уланиш учун қўшимча тўлов бекор қилинди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда қарздорлиги сабаб электр энергияси ёки табиий газ тармоғидан узилган истеъмолчиларни қайта улаш учун олинадиган қўшимча тўлов бекор қилинди. Бу президентнинг 23 сентябрда кучга кирган фармони билан белгиланди.

Эндиликда қайта уланиш учун маиший истеъмолчилардан БҲМнинг икки баравари — 880 минг сўм, юридик истеъмолчилардан эса БҲМнинг 10 баравари — 4,4 млн сўм миқдорида қўшимча тўлов ундирилмайди.

Аввалги тартибда мазкур тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағ ўтказиш орқали ундирилган.

Йирик истеъмолчилар учун электр тарифларидаги ўзгаришлар

Асосий ва захира электр таъминоти учун уланган қуввати йиғиндиси 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган ҳамда электр энергияси учун табақалаштирилган тариф асосида ҳисоб-китоб қиладиган истеъмолчилар учун ҳам янги тартиб белгиланди.

Улар учун тунги даврда — 22:00 дан 24:00 гача ҳамда 00:00 дан 06:00 гача белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар камайтирувчи коэффициент қўллаш бекор қилинди.

Ярим тиғиз даврда — 09:00 дан 17:00 гача эса белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар камайтирувчи коэффициент қўлланилади.

«Намунали истеъмолчилар» учун янги тартиб

Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларида қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланган «намунали истеъмолчилар» учун алоҳида тўлов тартиби ҳам жорий этилди.

Унга кўра, истеъмолчилар:

●     ҳисобот ойи бошланишидан олдин 15 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириши;

●     қолган суммани ой давомида тўлаши мумкин.

Бундай истеъмолчиларнинг қарздорлик сабабли тармоқдан узилиб қолиши қоидабузарлик сифатида баҳоланмайди.

Иссиқхона хўжаликлари учун ҳам янги тартиб

Табиий газдан фойдаланувчи иссиқхона хўжаликлари учун ҳам алоҳида тўлов тартиби белгиланди.

Унга кўра, ҳосил йилининг дастлабки олти ойи — октябрдан мартгача етказиб бериладиган табиий газ учун 50 фоиз миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Қолган қисми эса ой якунига қадар тўланади.

Кейинги ойлардан бошлаб табиий газ учун 100 фоиз миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.

Мазкур тартиб аввалги ойда қарздорлиги бўлмаган иссиқхона хўжаликларига нисбатан қўлланилади.

Рақобат қўмитасининг билдиришича, ўзгартиришлар истеъмолчилар учун ортиқча тўловларни бартараф этиш, тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш ҳамда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш соҳасида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Vaqt.uz аввалроқ уч йиллик прогнозлар ва инвестиция режалари жорий этилиши ҳақида хабар берганди. Шунингдек, кадрлар тайёрлашга 50 миллион долларгача грантлар жалб этиш режалаштирилган

Teglar

Mavzuga oid