Ҳафталик нархлар таҳлили: бозорда нарх-наво қандай?
Ўзбекистонда ҳафта давомида сабзавотлар нархи сезиларли даражада ошди. Мева ва гўшт маҳсулотлари ҳам бироз қимматлади. Ҳудудлар кесимида мол гўштининг энг юқори ўртача нархи Тошкент шаҳрида, шаҳар ва туманлар орасида эса Термизда қайд этилди.

11-ноябр ҳолатига нисбатан бир ҳафта ичида бозорларда помидор, бодринг ва булғор қалампири нархи кескин кўтарилди. Помидор ва бодринг қарийб 20 фоизгача, булғор қалампири эса 15,5 фоизга қимматлади. Мевалардан узум, олма ва нок нархи ошган бўлса, лимон эса аксинча, 3,9 фоизга арзонлаган.
Vaqt.uz Марказий банкнинг «Нархтаҳлил» платформасидаги маълумотларга асосланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ҳафталик ўзгаришларни кузатиб боради.
Кундалик маҳсулотлар
Ҳафта давомида кунгабоқар ва пахта ёғи нархларида кичик ўзгариш қайд этилди. Хусусан, кунгабоқар ёғининг бир литри 21 минг 591 сўм, пахта ёғи эса 20 минг 391 сўмни ташкил этди. Ҳар икки маҳсулот нархи аввалги ҳафтага нисбатан 0,2-0,3 фоизга қимматлашди.
Ун нархи ҳам бироз кўтарилди. Биринчи навли уннинг бир килограмми 6 минг 292 сўм, олий навли ун эса 9 минг 425 сўмдан сотилди. Биринчи навли ундан тайёрланган ноннинг ўртача нархи 6 минг 377 сўмга етиб, бир ҳафтада 0,5 фоизга ошди.
Гуруч нархи бироз кўтарилганига қарамай, шакар нархида деярли ўзгариш бўлмади. Бир килограмм гуруч 14 минг 999 сўмга етиб, 0,2 фоизга қимматлаган бўлса, шакар эса 12 минг 327 сўмгача арзонлади.
Тухум нархи эса бир ойдан бери мунтазам ошиб бормоқда. Масалан, бу ҳафта 10 дона тухумнинг ўртача нархи 12 минг 837 сўмни ташкил қилди. Бу аввалги ҳафтага нисбатан 1,1 фоизга қиммат дегани.

Сабзавотлар
Бир неча ҳафтадан бери сабзавотлар нархи ошиб бораётган бир пайтда, бу ҳафта қимматлашиш янада тезлашди. Айниқса, помидор нархи кескин ошиб, ҳафта давомида энг кўп қимматлаган маҳсулотга айланди. Унинг бир килограмми 12 минг 421 сўмга етди. Бу аввалги ҳафтага нисбатан 20,6 фоизга кўп. Помидор ортидан бодринг ҳам қимматлади. Унинг бир килoси 12 минг 725 сўмга етиб, бир ҳафтада 17,7 фоизга ошди. Ўтган ҳафтада эса бодринг нархи 16 фоизга кўтарилган эди.
Шундай қилиб, помидор ҳам, бодринг ҳам бу ҳафта аввалги ҳафтага қараганда тезроқ кўтарилди.
Картошка ва пиёз нархи сезиларли ошди, бироқ бу икки маҳсулотдаги ўзгариш бир хил бўлмади. Масалан, бир килограмм картошка 1,9 фоизга қимматлаб, 5 минг 105 сўмга етган бўлса, пиёз нархи анча тезроқ, 11 фоизга ошиб, 3 минг 353 сўмни ташкил этди.
Бошқа сабзавотлар орасида булғор қалампири ва бақлажон ҳам қимматлади. Айниқса, булғор қалампири нархидаги ўсиш юқори бўлди. Бир килограмми 11 минг 548 сўмга етиб, 15,5 фоизга ошган бўлса, бақлажон эса 8,6 фоизга кўтарилиб, 7 минг 255 сўмдан сотилди.
Сабзи нархи эса бошқа сабзавотлардан фарқли равишда арзонлади. Унинг бир килограмми 4 минг 582 сўмга тушиб, аввалги ҳафтага нисбатан 4 фоизга пасайган.

Мевалар
Мевалар сегментида ҳам нархлар бироз ошди. Олманинг бир килограмми 11 минг 340 сўмга, нокники эса 18 минг 422 сўмга етди. Уларнинг нархи аввалги ҳафтага нисбатан мос равишда 1 ва 1,5 фоизга кўтарилган.
Узум нархидаги ўзгариш эса анча сезиларли бўлди. Унинг бир килоси 13 минг 545 сўмга етиб, бир ҳафтада 10,2 фоизга қимматлади.
Лимон нархи эса аксинча пасайди. Бир килограмми 32 минг 810 сўмга тушиб, аввалги ҳафтага нисбатан 3,9 фоизга арзонлади. Бунга октябр ва ноябр ойларида Ўзбекистондаги лимонарийларда етиштириладиган маҳаллий, асосан «Мейер» навли лимонларнинг пишиб етилиши ва бозорга катта ҳажмда етказиб берилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ҳудудлар кесимида гўшт нархлари қанча?
11-ноябр ҳолатига кўра, мол ва қўй гўштининг мамлакат бўйича ўртача нархи бир ҳафта ичида бироз қимматлашди. Бир килограмм мол гўшти 125 минг 891 сўм, қўй гўшти эса 137 минг 804 сўмдан сотилди. Товуқ гўшти нархи аксинча, 0,1 фоизга арзонлаб, 32 минг 492 сўмни ташкил этди.
Ҳудудлар орасида мол гўштининг энг юқори ўртача нархи Тошкент шаҳрида, энг пасти эса Қорақалпоғистонда қайд этилди. Пойтахтда бир килограмм маҳсулот 136 минг 596 сўмдан сотилган бўлса, Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 115 минг 559 сўмни ташкил этди. Икки ҳудуд ўртасидаги фарқ 21 минг сўмдан ошди.
Мол гўштининг ҳудудлар кесимидаги ўртача нархлари қуйидагича:

Тошкент шаҳридан кейинги ўринда Сурхондарё вилояти турибди. Бу ерда мол гўштининг бир килоси 132 минг 984 сўмга етди. Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам нархлар нисбатан юқори бўлиб, мос равишда 128 минг 957 ва 128 минг 278 сўмни ташкил этди. Қорақалпоғистондан ташқари, Наманган ва Навоий вилоятларида ҳам маҳсулот нисбатан арзон сотилмоқда.
Бир ҳафталик ўзгаришларга қаралса, мол гўшти энг кўп Тошкент шаҳрида қимматлаган. Пойтахтда унинг бир килограмми 135 минг 361 сўмдан 136 минг 596 сўмга кўтарилди. Тошкент вилоятида ҳам нарх 413 сўмга ошди. Қолган ҳудудларда эса ўзгариш 150 сўмдан кам бўлди.
Туман ва шаҳарлар кесимида нархлар ўртасидаги тафовут янада катта. Энг қиммат мол гўшти Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида сотилиб, бир килоси 142 минг 857 сўмни ташкил этди. Энг паст нарх эса Навоий вилоятининг Томди туманида қайд этилди. Бу ерда маҳсулот 98 минг 750 сўмдан сотилган. Икки ҳудуд ўртасидаги фарқ 44 минг 107 сўм.
Ҳафта давомида нархнинг энг катта номинал ўзгариши Чилонзор туманида бўлди. Бу ерда бир килограмм мол гўшти 136 минг сўмдан 140 минг 250 сўмга кўтарилди. Олмалиқ шаҳрида эса нарх 4 минг 215 сўмга ошиб, 135 минг 882 сўмга етди. Фоиз ҳисобида энг юқори қимматлашиш ҳам Олмалиқда қайд этилди: 3,2 фоиз.
Айрим ҳудудларда нархлар пасайган. Хусусан, Китоб туманида бир килограмм мол гўшти 131 минг 364 сўмдан 130 минг 952 сўмга тушиб, 0,3 фоизга арзонлади. Чортоқ туманида пасайиш 0,2 фоизни, Гулистон шаҳрида ва Боғот туманида эса 0,1 фоизни ташкил этди.
Умуман олганда, мамлакат бўйича мол ва қўй гўшти нархи бир ҳафтада бироз кўтарилган бўлса-да, ҳудудлар кесимида тафовут анча катта. Айниқса, туман ва шаҳарлар ўртасида мол гўштининг бир килограмм нархи 44 минг сўмдан ортиқ фарқ қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ октябр ойининг иккинчи ярмида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида кузатилган ўзгаришларни ҳам таҳлил қилган эдик.
Teglar






