Эмин Агаларов Чорвоқдаги курорт лойиҳасини 7 млрд долларга баҳолади

14.02.2026 | 15:302 daqiqa

Агаларовнинг айтишича, Чорвоқда қурилиши режалаштирилган «Sea Breeze Uzbekistan» курорти қиймати қурилиш зичлигига қараб кескин ўзгариши мумкин.

Эмин Агаларов Чорвоқдаги курорт лойиҳасини 7 млрд долларга баҳолади © Foto: Yevgeniy Sorochin / Spot

2025 йилда Чорвоқ сув омбори бўйида барпо этилиши режалаштирилган «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курортининг тахминий қиймати 5–7 млрд долларни ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда «Agalarov Development» компанияси президенти ва «Sea Breeze Resort» лойиҳаси асосчиси Эмин Агаларов журналистларга маълум қилди.

Лойиҳа параметрлари

Агаларовнинг таъкидлашича, якуний баҳолаш қурилиш зичлиги ва Шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган режаларга бевосита боғлиқ. Агар қурилиш зичлиги коэффициенти 1 даражада белгиланса, 560–570 гектар ҳудудда тахминан 5 млн квадрат метр кўчмас мулк барпо этиш имкони мавжуд.

Бундай ҳолатда лойиҳанинг умумий қиймати 5–7 млрд доллар атрофида шаклланади. Девелопернинг қайд этишича, тоғли рельеф ва майдоннинг мураккаб ландшафти туфайли зичлик юқори бўлиши эҳтимоли паст.

Инвестиция кўлами

Агар қурилиш зичлиги 2 коэффициентга етказилса, умумий қурилиш ҳажми 10 млн квадрат метргача чиқиши мумкин. Бу ҳолда инвестиция ҳажми 10 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорнинг фикрича, амалда зичлик 1 дан паст ёки шу атрофида бўлиши мумкин. Бу эса лойиҳани 5–7 млрд долларлик сармоя доирасида сақлаб қолади.

2024 йил декабрида Эмин Агаларов ушбу халқаро туризм маркази лойиҳасини президентга тақдим этган эди. Шунда лойиҳанинг умумий қиймати 7–10 млрд доллар деб баҳоланган.

2025 йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Agalarov Development» ўртасида 5 млрд долларлик келишув имзоланди. Августда Ҳукумат комиссияси Бўстонлиқ туманида 577 гектар ерда курорт қуриш таклифини мақбул деб топди. Лойиҳа бош режасини Буюк Британиянинг «Scott Brownrigg» компанияси ишлаб чиқмоқда. 23 январ куни «Сеа Breeze Uzbekistan» лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси ўтказилган эди.

Teglar

Mavzuga oid