Logo

Энди банклар кредит хатарлари ҳақида мижозни олдиндан огоҳлантириши талаб этилади

Bugun 17:552 daqiqa

Марказий банкка кўра, огоҳлантиришлар фуқароларнинг кредит олишдан олдин унинг хатарлари, шартлари ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида аниқ ҳамда тушунарли маълумот олишини таъминлайди.

Энди банклар кредит хатарлари ҳақида мижозни олдиндан огоҳлантириши талаб этилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда банклар кредит маҳсулотларини реклама қилишда мижозларни қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида олдиндан огоҳлантириши шарт бўлади. Бу талаб Марказий банк бошқарувининг айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритишга доир қарори билан белгиланди.

Ҳужжат Адлия вазирлигида 2026-йил 30-сентябрда 3948-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради.

Ҳужжатга кўра:

— банклар кредит рекламасида қарзни ўз вақтида тўламаслик хавфли экани ҳақида огоҳлантириш бериши талаб этилади;

— бу огоҳлантириш рекламанинг камида 10 фоизини эгаллайди (расм, видео ёки аудио рекламада);

— кредит шартномасининг биринчи саҳифасида ҳам огоҳлантириш бўлади — саҳифанинг камида 30 фоизи;

— огоҳлантиришда қарз тўланмаса, қарз олувчига нисбатан нима бўлиши мумкинлиги ҳақидаги оқибатлар кўрсатилади: қарз кўпаяди, мол-мулк ва ҳисобварақлардаги пулга ундирув қаратилади, кредит тарихи бузилади;

— мижозни чалғитувчи кредит маҳсулоти учун банкка нисбатан чора ва санкциялар қўлланади.

«Ушбу ўзгартиришлар истеъмолчиларнинг кредит олишдан олдин унинг хатарлари ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида аниқ ва тушунарли маълумотга эга бўлишини таъминлайди», — дейилади Марказий банк хабарида.

Аввал ҳам банкларга кредит расмийлаштиришдан олдин жисмоний шахсларга кредит мажбуриятлари билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар ҳақида чеклист тақдим этиш талаби киритилган. Мижоз ушбу маълумотлар билан танишганини тасдиқламасдан туриб кредит шартномасини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.

Teglar

Mavzuga oid