Logo

Туркия банклари Ўзбекистондаги банкларни хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин

Kecha 16:302 daqiqa

Ўзбекистонда 33 йилдан буён фаолият юритаётган банклардан бирининг фаолияти ижобий баҳоланди. АТ хизматлари экспорти 5 млрд долларга етказилиши айтилди.

Туркия банклари Ўзбекистондаги банкларни хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида Туркиянинг молия институтларига ҳам Ўзбекистоннинг банк секторидаги ислоҳотлар ва хусусийлаштириш жараёнларида фаол қатнашишни таклиф қилди.

Ўзбекистонда 33 йилдан буён фаолият юритаётган «Ziraat Bank»нинг фаолияти ижобий баҳоланди. Рақамли технологиялар ва молиявий хизматлар ушбу икки мамлакат иқтисодий шериклигининг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, Ўзбекистонда АТ хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. IT Park резидентлари учун жорий этилган солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланган ҳолда турк компаниялари билан аутсорсинг, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Биз бундан буён ҳам мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттирамиз», — деди президент.

Махсус иқтисодий зоналарда инвестиция ҳажми ва белгиланган шартларга қараб, 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари берилаётгани, йирик инвесторларга тайёр ишлаб чиқариш бинолари, ер майдонлари ва зарур муҳандислик инфратузилмаси тақдим этилаётгани урғуланди.

Давлат раҳбари Тошкент вилоятида ташкил этилган 100 гектарлик «Остим» саноат зонасини мисол қилиб кўрсатди. Ҳозирда мазкур зонани кенгайтириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Президент ушбу ижобий тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

«Аминманки, сизлар билан биргаликда янада юксак натижаларга албатта эришамиз. Бу борада барчангизга улкан ютуқ ва омадлар тилайман», — деди Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ўзбекистонга 11,6 млрд доллар инвестиция киритиши ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон президенти турк компанияларини тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва «яшил» энергетикада янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.

Teglar

Mavzuga oid