Мингта жонивор ва бир оила — «Четыре Лапы» бошпанасида ҳаёт қандай кечади?
«Click» ҳар куни эгасиз ҳайвонларга ғамхўрлик қилаётган инсонлар, бошпаналарнинг эҳтиёжлари ва уларга ҳар биримиз қандай ёрдам бера олишимиз ҳақида ҳикоя қилади.

«Click» «G‘amxo‘r Click» лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги ҳайвонлар бошпаналарини қўллаб-қувватлаш учун «Яхшилик ғамхўрликдан бошланади» ахборот кампаниясини бошламоқда. Ҳар ҳафта «Click» фойдаланувчиларни бир бошпана, унинг жамоаси ва у ерда яшаётган жониворлар билан таништиради. Бошпананинг кундалик ишларида нималар кераклиги ва унга қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида сўз юритади. Бунинг бир йўли — «Click SuperApp»даги «Хайрия» бўлими орқали эҳсон қилиш.
Илк ҳикоямиз Дудниковлар оиласи ва улар очган «Четыре Лапы» бошпанаси ҳақида. Бу ердаги жониворларга ҳозироқ ушбу ҳавола орқали эҳсон қилишингиз мумкин. Бугун бошпанада мингга яқин жонивор — итлар, мушуклар ва эшаклар яшайди. Андрей ва Виктория Дудниковлар қаравчилар билан бирга эгасиз қолган, шафқатсиз муносабатдан азият чеккан ёки кўчада қолиб кетган ҳайвонларга ғамхўрлик қилишади. Бошпанада ҳаёт қандай кечиши ва бу ерда қандай ёрдамга эҳтиёж борлиги ҳақида уларнинг қизи Кристина Дудникова сўзлаб берди.

Ҳаммаси бир кучукчадан бошланган
Бошпана тарихи 2019-йилда Ника лақабли кучукчадан бошланган. Аёзли кунларнинг бирида кичкина Ника кўчада, темир тоғора ичида совуқдан паноҳ топишга уринаётган эди. Атроф қор билан қопланган, кучукча эса қотиб қолай деган эди. Дудниковлар Никани уйга олиб келишган. Ўшанда улар бу воқеадан кейин яна қанчадан қанча жониворга ёрдам беришларини хаёлларига ҳам келтиришмаган.
«Бу йўл қанчалик оғир бўлиши, зиммамизга қанчалик катта масъулият тушишини тасаввур ҳам қилмагандик», — дея эслайди Кристина.
Вақт ўтиб, оила бошқа жониворларни ҳам ўз қарамоғига ола бошлади. Улар орасида эгалари воз кечган уй ҳайвонлари, шафқатсиз муносабатдан жабрланган ит ва мушуклар, қаровсиз ҳайвонларни тутиш хизматидан олиб келинган жониворлар, шунингдек, кўчада туғилган кучук ва мушукчалар бор. Ҳар бир жониворнинг ўз тарихи, ўз феъл-атвори бор. Жамоанинг энг катта умиди — ҳар бирига меҳрибон эга топиш. Унгача эса уларнинг ҳаёти ва фаровонлиги учун бошпана ходимлари ва Дудниковлар оиласи масъул.
Мингта жонивор — ҳар куни мингта юмуш
«Четыре Лапы» бошпанасида кун жониворларга овқат бериш ва уларнинг жойини тозалашдан бошланади. Қарамоғида мингга яқин ҳайвон бўлса, шу икки юмушнинг ўзи куннинг катта қисмини олади. Ходимлар даволаш муолажаларини ҳам бажаришади — томизғич қўйишади, укол қилишади, жароҳатларни тозалаб, дори суртишади. Доимий парваришга муҳтож жониворларга баъзан тунда ҳам қарашга тўғри келади.
Кўзга унча ташланмайдиган ишлар ҳам кўп. Келтирилган озуқани қабул қилиб, машинадан тушириш, дори-дармонларни арзонроқ нархда топиш, етказиб берувчилар билан келишиш, ҳайвонлар сақланадиган волерларни таъмирлаш ёки совуқдан ҳимоялаш керак. Андрей Дудников қаравчилар билан бирга қурилиш ишларини ўзи бажаради, иншоотларни мустаҳкамлайди ва бошпана ҳудудининг ҳолатидан хабар олиб туради.
Ҳар бир фаслга тайёргарлик кўриш ҳам маблағ талаб қилади. Қишда жамоа бошпанани иситиш ва овқат пишириш учун ўтин ғамлайди, волерларга пичан тўшаб, уларни иссиқ тутади. Ёзда эса жониворларни жазирама иссиқдан асраш керак. Одамлардан озор кўрган ҳайвонлар алоҳида эътиборга муҳтож. Уларга даволаниш, тикланиш ва инсонга қайта ишонишни ўрганиш учун вақт керак.


Бошпана нега ёрдамга муҳтож?
Бошпана маблағининг асосий қисми озуқа, дори-дармон, ветеринария хизматлари ва ҳудудни сақлашга сарфланади. Кристинанинг айтишича, бошпана асосан одамларнинг эҳсонлари ва ёрдамига таянади. Озуқани мунтазам харид қилиш керак. Бетоб жониворни даволашни эса маблағ бўлгунча кечиктириб бўлмайди. Шу сабабли оила баъзан зарур нарсаларни қарзга олишга мажбур бўлади.
«Бошпанада бирор нарсани олдиндан режалаштириш жуда қийин. Мунтазам кўмак бўлса, энг аввало қарзга ботиб қолмаймиз», — дейди Кристина.
Эҳсонлар ҳисобига жамоа озуқа ва дори-дармон сотиб олади, жониворларни даволашни давом эттиради, волерларни таъмирлайди ва қишга тайёрлайди. Мунтазам ёрдам айниқса муҳим. Бир марталик хайрия йиғими тугаганидан кейин ҳам жониворларга ҳар куни озуқа ва парвариш керак бўлади.
«Четыре Лапы» бошпанаcига қандай ёрдам бериш мумкин?
Бошпанадаги жониворларга бевосита «Click» иловаси орқали эҳсон қилишингиз мумкин. Илованинг бош саҳифасидаги қидирув қаторига «Четыре Лапы» деб ёзинг ва бошпанани танланг. Эҳсон миқдорини киритинг ва тўловни тасдиқланг. Бошпана саҳифасига ушбу ҳавола орқали ҳам ўтишингиз мумкин.
Бошпанага қуруқ ва нам озуқа, жумладан, даволовчи озуқа, жониворлар тагига солиш учун тўшамалар, «адёл»лар, ёпинчиқлар ва чойшаблар, эшаклар учун омухта ем, сабзавот ва мевалар, ўтин, қурилиш материалларини олиб бориб ҳам ёрдам беришингиз мумкин. Бирор нарса олиб боришдан олдин айни пайтда нима энг зарурлигини бошпана жамоасидан сўраб олган маъқул.
Вақтингизни ажратиб ҳам ёрдам бера оласиз. Масалан, бошпанани тозалашда кўмаклашишингиз, унинг фаолияти ҳақида бошқаларга айтиб беришингиз ёки янги эга изланаётган жониворлар ҳақидаги хабарларни улашишингиз мумкин. Ҳозир бошпанага нималар кераклигини билиш ва ташриф вақтини келишиш учун жамоа билан Telegram гуруҳи ёки Instagram саҳифаси орқали боғланишингиз мумкин.


Яхшилик ғамхўрликдан бошланади — баъзан бунинг учун биргина оддий қадам кифоя
Шу номдаги кампания доирасида «Click» барчани ҳайвонлар бошпаналарига ёрдам беришга чорлайди. Эҳсон қилиш, зарур буюмларни олиб бориш, кўнгилли сифатида ёрдамлашиш ёки ёрдамга муҳтож жониворлар ҳақида бошқаларга айтиб бериш мумкин. «Click» ҳар ҳафта Ўзбекистондаги бошпаналар, уларнинг жамоалари ҳамда меҳр ва ўз уйини кутаётган жониворлар ҳақида янги ҳикояларни эълон қилиб боради.
Реклама





