Энди мактабда пул санаш ва тежаш ўргатилади
Умуман олганда мактаб дарсликларидаги 1200 дан ортиқ хато тузатилади.
© XTB matbuot xizmatiЎзбекистон мактабларида эски дарсликлардаги минглаб хатолар ҳамда қуруқ ёдлатишга асосланган тизимдан воз кечилади. Энди дарсликларда ўқувчиларга пулни ҳисоблаш, тежаш, жамғариш ва харидни режалаштириш ўргатилади. Бу ҳақда давлат раҳбари ҳузурида мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш ва таълим мазмунини янгилаш юзасидан ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотда айтилишича, аввалги дарсликлар таҳлил қилинганда амалдаги 260 та дарсликда 1 257 та хато, 51 та дарсликда эса 464 та таржима хатоси аниқланган. Мавзуларнинг мураккаблиги ва фақат ёдлашга устуворлик берилгани болаларнинг олган билимларини ҳаётда қўллашига тўсқинлик қилган.
Қайд этилишича, шу боис янги ўқув адабиётлари халқаро тажриба асосида тузилди: бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификациясидан ўтди, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари эса Сингапур тажрибаси асосида ишлаб чиқилди.
Умуман, 2027 йилга қадар 1 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материални тайёрлаш режалаштирилган.
Таъкидланишича, янги дарсликларнинг энг муҳим жиҳати уларнинг иқтисодий ва ҳаётий кўникмаларга йўналтирилганидир. Молиявий саводхонлик (пулни ҳисоблаш ва тежаш), рақамли саводхонлик (интернетдан хавфсиз фойдаланиш) ва экологик саводхонлик (сувни тежаш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш бўйича 300 дан ортиқ мавзу) кенг қамраб олинди.
Бу ўзгаришларни амалиётга жорий этиш учун ҳозирга қадар 110 минг нафар бошланғич синф ўқитувчиси Сингапур мутахассислари иштирокида қайта тайёрланди.





