Энди телефонни UzIMEI'да 2 дақиқада рўйхатдан ўтказиш мумкин
Ўзбекистонга олиб кирилаётган телефонларни декларациялаш ва UzIMEI'да рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди. Энди барча жараён бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Ўзбекистонга четдан олиб кирилаётган мобил телефонларни декларациялаш ва UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш жараёни энди бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган пресс-турда маълум қилди.
Янги тартибга мувофиқ, йўловчи божхона декларациясини расмийлаштираётган пайтнинг ўзида телефонини UzIMEI тизимида автоматик рўйхатдан ҳам ўтказиши мумкин.
Бунинг учун фақат паспорт маълумотлари ва қурилманинг IMEI коди талаб этилади. Шахсни тасдиқлаш эса Face ID орқали амалга оширилади.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, божсиз меъёр доирасида олиб кирилаётган телефонлар автоматик расмийлаштирилади. Натижада йўловчиларнинг тахминан 70 фоизи ортиқча навбат кутишдан халос бўлади.
Жараён анча тезлашди
Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида декларацияларни онлайн тўлдириш учун инфокиосклар ўрнатилди. Шунингдек, «Йўловчи декларацияси» мобил иловаси ишга туширилиб, ҳозиргача 580 минг марта юклаб олинган.
Илова орқали 603 мингта декларация расмийлаштирилган, инфокиосклар орқали эса яна 538 мингта декларация қабул қилинган. Бунинг натижасида қоғоз декларациялар сони уч баравар камайиб, расмийлаштириш жараёни икки баравар тезлашган.
Божхона вакилларининг таъкидлашича, янги тизим телефонни рўйхатдан ўтказиш учун кетадиган вақтни 85–90 фоизга қисқартирган. Энди барча жараён ўртача 1,5–2 дақиқа, айрим ҳолларда эса 5 дақиқагача вақт олади.
Импорт ҳажми ошди
Божхона қўмитасига кўра, жараёнларнинг соддалаштирилиши телефонларни қонуний тарзда олиб кириш кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Агар 2024 йилда жисмоний шахслар томонидан 5,6 мингта телефон расмий импорт қилинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 716 мингтага етган.
Жорий йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатга қарийб 420 мингта телефон олиб кирилган. Йил бошидан буён Тошкент халқаро аэропортида расмийлаштирилган 180 мингта декларациянинг 85 фоизидан ортиғи мобил телефонлар билан боғлиқ бўлган.





