
Энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган нодавлат таълим хизматлари рўйхати эълон қилинди
Рақобат қўмитаси маълумотларига кўра, 2024–2025 йиллар давомида нодавлат таълим хизматлари бўйича 1 200 га яқин мурожаатлар қабул қилинган.

Истеъмолчиларнинг энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган нодавлат таълим хизматлари рўйхати шакллантирилди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси.
Маълумотларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан нодавлат таълим хизматлари соҳасида истеъмолчи мурожаатлари бўйича тизимли мониторинг ва таҳлил ишлари олиб борилган. Таҳлиллар натижасига кўра, 2024–2025 йиллар давомида нодавлат таълим хизматлари бўйича 1 200 га яқин мурожаат қабул қилинган.
Уларнинг асосий қисми:
«NEWTON ACADEMY», «NewTone school»;
«MyTeacher» онлайн инглиз тили курси;
«Prep.uz» онлайн рус тили курси;
«Badavlat ayol» лойиҳаси;
«Qadam Education» ўқув маркази;
«Lerna», «Skillbox», «Geekbrains»;
«Interno Edu» MCHJ;
«Englify» MCHJ;
«Niyat Education»;
«Sevenedu» онлайн тил маркази каби ўқув марказлари ва онлайн таълим платформалари фаолиятига тааллуқли экани аниқланган.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, қатор нодавлат таълим хизматларида таълим сифати қониқарсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундирилиши, шартнома шартлари ва пулни қайтариш тартиби бўйича етарли маълумот берилмаслиги каби ҳолатлар кузатилган.
Шунингдек, «Uzum Nasiya», «Shaffof Moliya», «Paylater» ва бошқа муддатли тўлов платформалари орқали тузилган шартномаларни бекор қилишда қийинчиликлар юзага келаётгани, рекламада берилган ваъдалар амалда бажарилмаётгани ҳақида ҳам эътирозлар билдирилган.
Қўмита юқоридаги каби таълим марказларини қонунчиликка, литсензия талабларига, шу жумладан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя этишга чақирган ҳолда, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик назарда тутилганлигини эслатиб ўтади.
Истеъмолчиларга таълим хизматларидан фойдаланишдан олдин марказнинг литсензияси ва фаолиятини текшириш, шартнома шартларини, айниқса тўлов ва пулни қайтариш тартибини диққат билан ўрганиш тавсия этилди. Қўмита шошма-шошарлик билан онлайн тасдиқлаш ва тўлов қилишдан сақланишга чақирмоқда.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси байрам олдидан аксия ва чегирмалар кўпайгани сабаб, Рақобат қўмитаси тадбиркорларни чегирма қоидаларига риоя қилишга чақириб, улар бузилса молиявий жарималар қўлланишини маълум қилган эди.





